АҚШ Ўзбекистонга кўрсатиладиган беғараз ҳарбий кўмак миқдорини қисқартирмоқда

АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига кўрсатиладиган беғараз ҳарбий кўмак миқдорини қисқартирмоқда. Anhor.Uz  сайтининг АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳисоботига асосланиб хабар беришича, АҚШ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш дастурига жалб этилган хавфсизлик кучларини ўқитиш ва таъминлаш учун молиявий ёрдам кўрсатиб келган.

2012 йил билан таққослаганда Пентагоннинг Марказий Осиё мамлакатларига кўрсатаётган ёрдами сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, 2012 йилда АҚШ Тожикистонга 15,4 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган бўлса, жорий молиявий йилнинг биринчи ярмида ушбу ёрдам ҳажми бор-йўғи 1,1 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Ушбу кўрсаткич Қирғизистонда 21,3 миллион доллардан 1,2 миллион долларгача, Қозоғистонда 8,7 миллион доллардан 187 минг долларгача, Ўзбекистонда эса 5,7 миллион доллардан 156 минг долларгача камайган.

Хабарда қайд этилишича, ушбу ҳарбий ёрдам доирасидаги таълим дастурлари асосан хавфсизлик хизмати ходимларига йўналтирилган эди.

Ҳарбий ёрдам АҚШ қуролли кучларининг Афғонистондаги миссияси билан боғлиқ эканлиги ҳисобга олинса, ёрдам ҳажми бундан кейин ҳам пасайишда давом этади, деб хулоса қилади сайт.