ОАВ: Ҳукумат МТС ҳақида қарор қабул қилмаган

Ўтган ҳафта охирида Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳукумати МТС алоқа операторининг фаолиятини қайта тиклашга руҳсат бергани ҳақида хабар тарқатган эди. Шундан сўнг бу борада қарор қабул қилинмагани ҳақида ҳам ахборотлар тарқади. Чунончи,12news.uz агентлиги Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасидаги манбаига таяниб хабар беришича, ушбу масала юзасидан ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

“Ҳукумат ушбу масала юзасидан ҳеч қандай қарор қабул қилмади”, — деди қўмита вакили.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати “МТС” мобиль компаниясининг мамлакат алоқа бозорида бизнес юритишига рухсат берганлиги  “Интерфакс” ахборот агентлигининг ҳукумат доирасидаги манбаига таяниб хабар берган эди.

Унга кўра, МТС Ўзбекистон тарафи билан бирга шўъба корхона очиб, МТС бренди остида фаолият юритади. Манбага кўра, таъсис ҳужжатлари яқин кунларда имзоланади. Ушбу келишув ҳақида бошқа маълумотлар келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 9 миллиондан ортиқ абонент базасига эга бўлган МТС (“Ўздунробита” МЧЖ ҚХ) 2012 йилда лицензиясидан маҳрум қилиниб, суд қарори билан банкрот деб эълон қилинган эди.