Ўзбекистонда янги тўлов тизими жорий қилинади

Ўзбекистонда Франциянинг “Sofrecom” ва “Aesma” компаниялари билан ҳамкорликда NFC (симсиз коммуникация) технологиясини жорий этишга киришилди. ЎзАнинг хабар беришича, мобиль телефон орқали савдо харидлари тўловини бошқаришга кўмак берадиган ушбу тизим ғоят қулай ва самаралидир.

Хабарда келтирилишича, яқин кунларда ушбу технологияни жамоат транспортида, кейинчалик, супермаркетлар ва савдо марказларида, дорихоналар, умумий овқатланиш муассасалари ва коммунал хизмат тўлаш пунктларида жорий этиш режалаштирилмоқда. NFC технологияси билан барча турдаги банк карталари орқали тўлов амалга ошириш имконияти мавжуд.

Мазкур технологиянинг афзалликлари Тошкентда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доираларининг бизнес-форумида муҳокама қилинган. Бизнес-форумда мамлакатимизда NFC технологиясини амалиётга татбиқ этишда тижорат банклари, мобиль алоқа компаниялари ва савдо мажмуалари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.