Владимир Путин Барак Обама билан учрашди

Оқ уй тарқатган хабарда айтилишича, президент Барак Обама 6 июнь куни Нормандияда жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари давлат раҳбарлари йиғилган иттифоқчи қўшинларнинг Ғарбий фронтга қўшилишларининг 70 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида Россия президенти Владимир Путин билан учрашган.

Associated Press’нинг ёзишича, бу иккала мамлакат раҳбарларининг Украина инқирози бошланганидан сўнг илк учрашувидир. Оқ уйга кўра, томонлар норасмий мулоқот олиб борган, уни нафақат расмий, балки иккитомонлама мулоқот ҳам деб бўлмайди.

Ушбу учрашув Франция президенти Франсуа Олланд томонидан уюштирилган тушлик пайтида юз берган. Мулоқот 10-15 дақиқа давом этган. Ҳозирча мулоқот нима ҳақда бўлгани номаълум.

Куннинг яна бир муҳим янгилиги — Владимир Путин Украинанинг янги сайланган президенти Пётр Порошенко билан ҳам учрашган. Reuters’нинг хабар беришича, Украина ва Россия президентлари Украинадаги сиёсий инқирознинг иқтисодий оқибатларини муҳокама қилишган.

Charles Dharapak/AP
Charles Dharapak/AP

Дмитрий Песковнинг айтишича, қисқа мулоқот вақтида Путин ҳам, Порошенко ҳам Украина жануби-шарқида давом этаётган зўравонликларнинг имкон қадар тезроқ тўхтатилиши кераклигини қайд этиб ўтишган.