Абдулла Ориповнинг янги шеърлари

ҲАҚ ГАП

Кетганни билмасдан мақтама, банда,

Гарчи марҳумларнинг ёди порлоқдир.

Ёвуз ёвузлигин қилмагай канда,

Ўша жойларда ҳам аҳмоқ аҳмоқдир.

 

Ўлим бир нафасда келтирмас обрўй,

Ногоҳ азиз бўлиб қолмагай жонинг.

Сени қутқазиши мумкин билиб қўй,

Эзгу амалларинг ҳамда иймонинг.

2014 йил, 5 май

 

ҲАЁТ ЎЙИНЛАРИ

Қачон қарамайин отам раҳматлик

Олиб боргин дерди мени Нукусга.

Булар гапдир дердим оддий, суҳбатлик,

Ўхшаб кетар ахир Нукус Некўзга.

 

Ҳар ҳолда йироқман уруғчиликдан,

Яхлит деб биламан жами одамни.

Баъзан ёлғизлансам бор-йўқчиликдан

Тушуниб қоламан отамни…

2014 йил, 6 май

 

ЧУМОЛИХЎР

Чумолихўр деган бир хил ҳайвон бор,

Амриқо ёқларда қозонган шуҳрат.

Туриши кўппакдай ўша жонивор,

Майда чумолини териб ер фақат.

 

Бир кун арслон деди: — Улкан бўлсанг ҳам,

Чумоли ейишни қилмайсан канда.

Чумолихўр деди: — Кечиринг ҳожам,

Ахир нима қилай, майдакашманда.

2014 йил, 3 май

 

БИЛАҒОНЛИК

Хитой ёзувини ўқий олмайман,

Менга нотанишдир санскрит ҳам.

Лотинча жумла ҳам тўқий олмайман,

Бўйнимга оламан барисин укам.

 

Сен кўп нарсаларни биласан гўё,

Буюк фазилат бу — рост бўлса агар.

Яшириб не қилай, кўпинча, аммо

Ёлғон гаплардан ҳам қилмайсан ҳазар.

2014 йил, 4 май

 

ҲИМОЯТ

Аввал болаларга қалқон бўлинг, сўнг

Ёши улуғларни айланг ҳимоят.

Бор эрур учинчи вазифа ҳам чўнг:

Бемор одамларга кўрсатинг шафқат.

 

Шундоқ қурилгандир афсуски дунё,

Уларнинг жисмига ёзда ўтар нам.

Қурту қумурсқалар ҳайиқмас асло,

Чўқилаб қочади ҳатто чумчуқ ҳам.

2014 йил, 5 май

 

КЎНИКИШ

Бу дунё ўзгариб кетди мутлақо,

Очиқ гап, ҳамма ҳам баробар эмас.

Меҳнат қилган одам кун кўрар, аммо

Бекорчига кўкдан чалпак ҳам ёғмас.

 

Орзу-ҳавасларга тўлиқ бу олам,

Ўғлим, соғ юрсанг бас ўзингга яраб.

Зинҳор қаноатга кўниккин сен ҳам,

Оёғингни узат кўрпангга қараб.

2014 йил, 6 май

 

ИККИ БОЛАКАЙ

Гўё олис фазоларга учмоқликка шай,

Суҳбатлашиб турар эди икки болакай.

Бири дерди: — Мен ўқийман Оксфордларда,

Саёҳатлар қилажакман улуғ юртларда.

Иккинчиси деди: — Ўқи, пулинг етгайдир,

Юлдузларни узишга ҳам қўлинг етгайдир.

Менда эса бунақанги имкон йўқ, афсус,

Отамизда сизникидай дўкон йўқ, афсус.

2014 йил, 6 май

 

ПОЧТА ҚУТИСИ

Дарвозам юзига қадалган шундоқ

Ажойиб безакли почта қутиси.

Йўловчи ё мухлис ёки дўст-ўртоқ

Унга ўз хатларин ташлаб ўтгуси.

 

Гоҳо таъсирланиб кетаман ростдан,

Олганда масалан, қутлов хатларни.

Биров пўписа ҳам ёзади қасддан,

Баъзан ўрганаман шикоятларни.

 

Ҳаётнинг оддий бир манзараси бу,

Кимдир балки мендан кутгайдир мадад.

Бироқ бир армон бор дилимда мангу –

Қайга борай ўзим магар босса дард?

 

Дунёдан ўтганда отам ва онам

Чидаш беролмадим ҳижрон ўтига.

Фарёдим қоғозга битган бўлсам ҳам,

Уни ташлар эдим қайси қутига?!

 

Учратдим ҳаётда турфа одамни,

Нокаслар тинч қўяр на ўнг, на тушда.

Улар юрагингга солган аламни

Қабул қилармикан бирорта почта?!

 

Кечаги ёронлар кетса қайрилиб,

Мансабу бойлигинг йўқлиги сабаб.

Агар ёлғиз қолсанг дўстдан айрилиб,

Кимга хат ёзардинг тасалли сўраб?!

 

Ҳар лаҳза учрайди азал бир маъни,

Ҳаётда абадий шундоқ ибрат бор:

Қайта тиклаш мумкин ҳатто Каъбани,

Лекин қалбни тиклаш душвордир, душвор.

 

Магар нола чекса юрагинг зимдан,

Уни тинглар фақат Аллоҳ даргоҳи.

Гина қилиб юрма асло ҳеч кимдан,

Қутига сиғмайди инсоннинг оҳи

2014 йил, 17 май

 

МЕҲРИБОН

Бунча мутаассиб бўлманг, эй эшон,

Яратган қошида тенгдир ҳар инсон.

Деманг, фақат мени тинглайди деб У,

Ўзи барчамизга ҳамдам, меҳрибон.

2014 йил, 17 апрель

Шоир Хуршид Давроннинг сайтидан олинди