Украина президенти Пётр Порошенко ҳарбий амалиётни бир томонлама тўхтатиб туришга қарор қилди

Украина президенти Пётр Порошенко бир томонлама ҳарбий амалиётни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. У мазкур қарори бўйича Германия канцлери Ангела Меркель ҳамда Россия президенти Владимир Путин билан маслаҳатлашган. Associated Press’нинг хабар беришича, мазкур режага мувофиқ, сепаратистлар қурол-яроғларини топширишлари ёки мамлакатни тарк этишлари лозим. Ўта оғир жиноят содир этмаганларга нисбатан амнистия эълон қилинади, қолганлар эса тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.

Пётр Порошенконинг сўзларига кўра, ҳарбий амалиёт жуда қисқа давр учун тўхтатиб турилади. Шундан сўнг ноқонуний қуролланган тўдалар йўқ қилинади.

Украина президенти “оташ кесим” қачон бошланишига аниқлик киритмаган. Мамлакат мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Михайло Ковалнинг айтишича, ҳарбий амалиёт шу кунлар ичида тўхтатилади.

Бокуда бўлиб турган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳарбий амалиёт вақтинчалик эмас, балки бутунлай тўхтатилишини ҳамда томонлар музокара столига ўтириши лозимлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Виктор Янукович ҳокимиятдан четлатилгач, Украинанинг шарқий ҳудудлари ўз мустақилликларини эълон қилишди. Натижада сўнгги ойларда мамлакат қуролли кучлари ҳамда сепаратистлар ўртасида кескин жанглар бўлиб ўтди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат шарқида бошланган ҳарбий амалиётлар даврида 356 нафар киши, шу жумладан, 257 нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлган.

Сўнги маълумотларга кўра, чоршанба куни мамлакат мудофаа вазирлиги ҳамда сепаратистлар ўртасида дастлабки келишувга эришилган. Унга кўра, тарафлар вақтинчалик оташ-кесим пайтида ҳалок бўлганларни бир-бирига топширишади.