Республикачиларнинг Конгрессдаги етакчиси кутилмаганда сайлов кампаниясидан чиқиб кетди

АҚШда кузда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларига қизғин ҳозирлик кетмоқда. Чунончи, шу кунларда сиёсий партиялар ўзларининг сайловолди праймеризларини ўтказишмоқда. АҚШда праймеризнинг иккита тури мавжуд: очиқ ва ёпиқ. Ёпиқ праймеризларда сайловчилар ўзлари рўйхатдан ўтган партия номзодларидан бирига овоз бериш ҳуқуқига эга. Масалан, республикачи сифатида рўйхатдан ўтган сайловчи Республикачилар праймеризида иштирок этган. Очиқ праймеризларда  эса сайловчиларга иккала партия номзодларига овоз бериши мумкин. Лекин у фақат битта праймеризда қатнашиши мумкин. Кўпгина штатларда ёпиқ праймериз ўтказилади.

Айни пайтда праймериз сайловлари сайлов бюллетенларида кимнинг исми қайд этилиши билан ҳам фарқланади. Яъни баъзи штатлар айнан номзоднинг исмини кўрсатса, айрим штатларда номзодни сайлаш учун делегатлар номи киритилади.

Сешанба оқшомида Республикачилар партиясининг Конгрессдаги етакчиси Эрик Кантор кутилмаганда праймеризда партиянинг ўнг қаноти — чойхўрлар аъзоси Дэвид Бретга ютқазиб қўйди. Бу нафақат республикачилар учун, балки америкаликлар учун кутилмаган бўлди. Шу боис ҳам республикачилар партияси етакчилари бунга ўз муносабатини кечроқ билдиришди. Масалан, Конгресс Вакиллар палатаси спикери Жон Байнер Канторни “яхши дўст ва буюк лидер” сифатида қайд этди.

Республикачилар партияси раҳбари Рейнс Прайбас ҳамда партиянинг Вакиллар палатасига кампанияси раҳбари Грег Уолден сукут сақламоқда.

Шуни қайд этиш керакки, Конгресснинг кўзга кўринган етакчиларининг праймериздаги бундай мағлубияти сўнгги йилларда кузатилмаётган эди.

Эрик Кантон сўнгги пайтларда иммиграция қонунчилиги бўйича прогрессив фикр билдираётган эди. Таҳлилчилар фикрича, унинг мағлубияти республикачиларни иммиграция масаласида янада қаттироқ бўлишга мажбурлаши мумкин. Республикачилар партияси вакиллари испан тилида сўзлашувчи аҳоли овози учун нималаргадир қўл уриш зарурлигини яхши тушунишади.

Айрим экспертларнинг фикрича, охирги пайтларда Эрик Кантор катта бизнес вакилларининг асосий ҳимоячиларидан бири сифатида уларнинг манфаатларини қонунчилик органида ҳимоя қилаётган эди. У, айниқса, бойлар учун жорий қилган солиқ имтиёзларини бекор қилишга қарши туриб келади. Эрик Кантор сайловлардан сўнг нима билан шуғулланишини маълум қилмаган.