Ислом Каримов: “Фарғона шаҳрининг қиёфаси қисқа муддатда бутунлай ўзгарибди”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 26 июнь куни Фарғона вилоятига келди.

ЎзАнинг хабар беришича, вилоятдаги ўзгариш, янгиланиш шаҳар остонасиданоқ кўзга ташланади. Фарғона халқаро аэропортида қурилган янги бино вилоятдаги кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан дарак беради. Президент ушбу бинони кўздан кечирар экан, уни янада кўркамлаштириш, йўловчиларга замонавий қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

“Давлатимиз раҳбари халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг 2012 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Фарғонани том маънода гўзал ва бетакрор шаҳарга айлантириш, аҳоли учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган. Ўтган қисқа вақт мобайнида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди”, — деб ёзади ЎзА.

Вилоят марказида минг ўринли Санъат саройи қуриб битказилди. Сарой атрофидаги 40 гектар майдонга 10 минг туп манзарали дарахт экилиб, сўлим хиёбон барпо этилди. Ислом Каримов мазкур Санъат саройида томошабинлар учун яратилган қулайликлар билан қизиқди.

“Янги иншоотлар барпо этишда ҳар бир деталга алоҳида эътибор бериш керак. Чунки биз қураётган бинолар неча ўн йиллаб келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилиши даркор”, деди Ислом Каримов.

Президент Сув спорти мажмуасида машғулот ўтаётган болалар билан суҳбатлашди. Уларнинг ўқиши, келажакдаги режалари билан қизиқди.

– Спорт инсонни қатъиятли қилади, иродасини мустаҳкамлайди. Иродали инсон ўз олдига катта мақсадлар қўяди ва унга албатта эришади. Ўзбекистон фарзандлари нафақат спортда, балки барча соҳаларда улкан марраларни қўлга киритиши учун биз ҳеч нарсани аямаймиз. Чунки биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, – деди Президент.

Вилоятда болалар спорт мажмуалари, мусиқа ва санъат мактаблари қуриш изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 14 спорт комплекси ва спорт заллари, мусиқа ва санъат мактаблари қурилмоқда ҳамда реконструкция қилинмоқда. Уларнинг барчаси замонавий жиҳоз ва анжомлар билан таъминланган.

“Ислом Каримов болаларга спорт анжомлари совға қилди”, дейилади хабарда.

Бугун мамлакат шаҳарлари бош режа асосида қайта қурилмоқда. Буни Самарқанд, Бухоро, Андижон, Наманган, Термиз, Қарши, Урганч каби шаҳарларимизнинг бугунги жамоли мисолида кўриш мумкин. Шулар қатори Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ҳам кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу мазкур шаҳарларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

“Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят марказида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар бунёд этилаётир”, — деб ёзади ЎзА.

Фарғона шаҳрининг қиёфаси қисқа муддатда бутунлай ўзгарибди, деди Ислом Каримов. Шаҳарнинг бош режаси устида ишлашда, бино ва йўллар қуришда узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозим. Айланма ҳалқа йўлини барпо этиш, кўп тасмали магистраль йўлларни қуриш, коммуникацияларни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, замонавий иншоотлар барпо этиш керак.

Президент Фарғона шаҳрида бунёд этилган 20 минг ўринли стадионни бориб кўрди. Бу стадион ўзининг ноёб меъморий ва муҳандислик ечими, бетакрор дизайни билан Фарғона кўркига кўрк қўшмоқда. Президент стадионда спортчилар, томошабинлар учун қулай шарт-шароит яратиш, ёш спортчилар, хусусан, футболчилар тарбиялашга эътиборни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.