Ўзбекистонда ёш муҳандислар танқислиги кузатилмоқда

HRC рекрутинг компанияси Ўзбекистон меҳнат бозорининг 2013 йилдаги ҳолатини таҳлил қилиб чиқди. Унга кўра, ўтган йили мамлакатда 970 мингта иш жойи ташкил этилган. Бу ҳақда Подробно.ўз хабар тарқатди.

Тадқиқотчиларга кўра, 2013 йилда Ўзбекистон меҳнат бозорида техник мутахассисларга катта эҳтиёж сезилмоқда. Асосан ёш муҳандислар танқислиги яққол кўзга ташланмоқда. Бу танқислик, тадқиқотчиларга кўра, асосан катта ёшдаги мутахассислар ҳисобига тўлдирилмоқда. Айни пайтда бу соҳадаги мутахассислар контракт асосида ишлашни ёки хориждаги катта лойиҳаларда ишлашни исташмоқда. Бу ҳам мамлакатда муҳандислар танқислигини келтириб чиқармоқда.

Ўтган йили савдо-сотиқ соҳасига, айниқса, IT-соҳасида номзодларни ўзига кўпроқ жалб қилган. 2013 йил учун яна бир хусусият маъмурий ишлар нуқтаи назаридан иш излаганлар кўпроқ офиснинг қаерда жойлашганига кўпроқ эътибор қаратишди. Ходимлар йўлга кўп вақт сарфлашни у даражада хоҳлашмаяпти.

«HR-UNION» бирлашмаси MyJob.Uz онлайн тармоғи базасида иш изловчиларнинг хусусиятларини таҳлил қилиб чиқишди. Унга кўра, иш изловчиларнинг 44 фоизи 26-35 ёш атрофидаги йигит-қизлардир. Яна бир жиҳати, иш қидираётганларнинг катта қисми — 49 фоизи бакалавр даражасига, 24 фоизи эса магистр ёки тўлиқ олий маълумотга эга шахслар бўлиб чиқди. Бу таҳлил давомида 25 мингта анкета ўрганиб чиқилди.

Иш излаётганларнинг 12 фоизи молия, бухгалтерия ва аудит соҳасида таълим олган бўлса, ахборот технологиялари соҳасида мутахассисликка эга шахслар 9 фоизни ташкил қилган.

Тадқиқотнинг яна бир қизиқ жиҳати, иш қидираётганларнинг 23 фоизи ойлик маош масаласини иш берувчи ихтиёрида қолдиришни истаса, 27 фоиздан ортиғи ўз ойлик маошларининг қўл тегадигани 1-1,5 миллион сўм (430-650 доллар) атрофида бўлишини кутаётганлигини қайд этишган. 25 фоизи эса бу миқдор 500-1000000 (215-430 доллар) атрофида бўлишини хоҳлаётганлардир.

26-35 ёшдаги иш излаётганларнинг 40 фоизи инглиз тилида бемалол мулоқот қила олади. Катта ёшдаги иш изловчиларда эса бу борада жиддий муаммолар бор.