Хитойда ШҲТ шафелигида ҳарбий ўқув машғулоти бўлиб ўтади

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шафелигида навбатдаги “Тинчлик миссияси” халқаро террорчиликка қарши курашиш ўқув машғулоти шу йилнинг август ойида Хитойнинг “Чжужихэ” ҳарбий полигонида бўлиб ўтади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг China Daily газетасига берган интервьюсида қайд этилишича, Москва хитойлик ҳамкорлари билан бирга БМТнинг мувофиқлаштирувчи роли остида халқаро терроризмга қарши курашиш чораларини кучайтиради.

“Тинчлик миссияси—2014” ўқув машғулотлари шу йилнинг 24-29 август кунлари бўлиб ўтади. Унда Россиядан 800 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва қатор махсус отрядлар жалб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (ШҲТ МАТТ) Ижроия қўмитаси ташкил топганининг ўн йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенцев, МАТТ Ижроия қўмитаси директори Чжан Синьфэн, МАТТ Кенгаши аъзолари, ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва ташкилотнинг мулоқот бўйича шериклари, шунингдек, МАТТ ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.

ЎзАнинг хабар беришича, ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг қарорига мувофиқ 2004 йилнинг 17 июнида Тошкентда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг расмий очилиши бўлди. Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг фаолияти терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органларига кўмаклашиш, уларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга қаратилган. Ҳарбий ўқув машғулотларида бошқа аъзо мамлакатлар иштироки ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.