Барак Обама Ироққа 275 нафар ҳарбий аскар юборди

Барак Обама Ироқда юзага келган вазият туфайли юқори тайёргарликка эга 275 нафар америкалик ҳарбийни Ироқ ва унинг атрофидаги АҚШ мулкларини ва фуқароларини муҳофаза қилиш учун юборди. The Associated Press’нинг ёзишича, Америка ҳарбийлари Эрон билан ҳам террорчиларга қарши курашиш борасида мулоқотлар олиб бормоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, аскарларнинг 170 нафари аллақачон Ироққа етиб келган. Барак Обама, шу билан бирга, америкалик ҳарбийлар Ироқ ва Левант ислом давлати деб номланган террор гуруҳига қарши курашга бевосита жалб қилинмаслигини қайд этган. Оқ уй раҳбари ўз режалари хусусида Конгрессга тегишли мурожаатни юборган. 100 нафарга яқин ҳарбийлар эса, тахминларга кўра, Кувайтда ҳозир бўлиб туради.

Оқ уй расмийларининг ўз исмларини ошкор қилмасдан айтган сўзларига кўра, Вашингтон яқин кунларда аскарлардан иборат яна бир ҳарбий гуруҳни Ироққа юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Улар асосан ироқлик ҳарбийлар ва хавфсизлик кучларига тайёргарлик ва маслаҳат хизматларини кўрсатади.

Ироққа юборилган ҳарбийлар тўлиқ АҚШнинг Бағдоддаги элчисига буйсунади ҳамда ҳарбий ҳаракатларга жалб қилинмайди. Айни пайтда америкалик ҳарбийлар ҳаётига таҳдид қилса, ўзларини ҳимоя қилишга рухсат берилган. Айни пайтда республикачилар партияси вакиллари Вашингтон зудлик билан ҳамда қатъийроқ ҳаракат қилиши керак, деган фикрни илгари суришмоқда.

Эслатиб ўтиш жоизки, июнь ойи бошидан Ироқдаги вазият кескин ёмонлашди. Бунга мамлакат шимоли-ғарбий вилоятларига бостириб кирган Ироқ ва Левант ислом давлати диний жангариларининг ҳаракатлари сабаб бўлди. Жангарилар Мосул, Тикрит шаҳарларини, шунингдек, Салоҳиддин ва Киркук вилоятиларидаги қатор аҳоли пунктларини эгаллаб олган, Бағдодга юриш қилишни режалаштиришмоқда.