Ислом Каримов америкалик амалдор билан Афғонистон муаммосини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 13 июнь куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатлари Президентининг махсус ёрдамчиси, АҚШ миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Евроосиё бўйича катта директори Селест Анна Уолландерни қабул қилди.

ЎзАнинг хабар беришича, мулоқот чоғида турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик айрим муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, хабарда айтилишича, Ўзбекистон 1993 йил 28 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколи ядро қуролига эга беш давлат, жумладан, АҚШ томонидан имзоланди. Бу Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг амалга оширилишига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Мазкур Протоколни ратификация қилиш жараёнининг якунига етказилиши глобал миқёсда қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик ҳамда минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш механизмларини шакллантиришнинг муҳим омили бўлади.

“Суҳбат чоғида Афғонистондаги вазият, унинг минтақадаги жараёнларга таъсири, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди”, — дейилади хабарда.