Барак Обама таълим кредити олган фуқароларга янги имтиёзлар тақдим қилди

АҚШ президенти Барак Обама таълим кредитларини тўлашга қийналаётган фуқароларга ёрдам берадиган янги чораларга қўл урди. Айни пайтда Барак Обама таълим кредитини олган фуқароларга ўз кредитларини паст ставкаларда қайта молиялаш имконини кўзда тутадиган қонунни ҳам қўллаб-қувватлади.

“Мен ушбу мамлакат менга таълим орқали катта имконият яратиб бергани учун ҳам шу ердаман (президентман). Биз Америкага ишонганимиз учун ҳам шу ердамиз”, деди АҚШ президенти.

Барак Обама таълим кредити олган бир гуруҳ талабалар қуршовида фармонга имзо чекди. Ушбу фармонга кўра, федерал ҳукуматдан 2007 йилгача таълим кредити олган фуқаролар ўз ойлик маошларининг 10 фоизидан кўпини ҳар ойлик кредит фоизларини қоплашга йўналтирмасликлари мумкин. Барак Обама ва Конгрес томонидан сўнгги йилларда жорий қилинган имтиёзлар ҳозирги таълим кредити олувчиларга қатор қулайликларни тақдим қилади.

Янги тартибга кўра, коллеж учун 100 минг доллар кредит олган жисмоний шахс, агар йилига 30000 доллар даромад кўрса, ойига бир неча юз доллар атрофида маблағ тежаб қолади.  Мазкур тартиб ўз кредитини ўн йил давомида тўлаш қурбига эга бўлмаган шахсларга қўлланилади. The Washington Post’нинг ёзишича, мазкур имтиёзлар америкалик солиқ тўловчилар учун биринчи йилга 7,6 миллиард долларга айланади.

Конгрес бюджет идорасига кўра, бугунги кунда таълим кредитларига йўналтирилган маблағлар ҳажми 1 триллион доллардан ошиб кетди. Бундай қарзларнинг кўпайиб кетиши ёш америкаликлар томонидан уй-жой харид қилиш ҳамда оила қуриш борасидаги фаоллигига салбий таъсир кўрсатади.