Путин РФ Федерация кенгашининг Россия армиясидан Украинада фойдаланиш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўради

Россия президенти Владимир Путин Россия Федерацияси кенгаши (Сенат)га мурожаат қилиб, шу йилнинг 1 март куни сенаторлар томонидан қабул қилинган Украина ҳудудида Россия қуролли кучларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни сўради. У буни Украинада вазиятни барқарорлаштириш бўйича музокаралар бошлангани билан изоҳлаган. Путин матбуот котиби Дмитрий Песковнинг хабар беришича, президент Австрияга сафар қилишидан олдин Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенкога тегишли хатни юборган.

Шуни қайд этиш керакки, шу йилнинг 1 март куни қабул қилинган қарор В.Путинга Украина ҳудудида Россия қуролли кучларидан фойдаланиш ҳуқуқини берар эди. Ўшанда Путин “ҳамюртлари, Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳарбий контингенти шахсий таркиби” ҳаётига таҳдид туғилгани муносабати билан шундай ҳуқуқни сўраган эди. Путин гарчи амалдаги қонунчилик бўйича Россия қуролли кучларидан мамлакат ташқарисида тезкор мақсадларда фойдаланишга ҳақли бўлса-да, у сенаторлар розилигини олишни маъқул кўрган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Украина президенти Пётр Порошенко ташаббуси асосида тинчлик музокаралари бошланган бўлиб, Украина мудофаа вазирлиги ҳамда сепаратистлар шу йилнинг 27 июнига қадар оташ-кесимга келишган бўлиб, 23 июнь, душанбадан томонлар музокара столига ўтирди. Музокараларда Россия тарафидан элчи Михаил Зурабов, ЕХҲТ раисининг махсус вакили, шунингдек, Украина собиқ президенти Леонид Кучма иштирок этмоқда.