Ўзбекистонда автомобилларга видеорегистратор ўрнатишнинг қонунийлиги кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда

27 май куни Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси вакиллари тўғридан-тўғри мулоқот чоғида фуқароларнинг тегишли саволларига жавобан Ўзбекистонда автомобилларга видеорегистратор ўрнатишга рухсат берилмаслигини маълум қилган эди. Бу ҳақда Газета.Uz “Постда” газетаси томонидан ташкил этилган Бошқарма вакиллари билан бевосита телефон мулоқоти натижалари асосида хабар тарқатди.

ЙҲХББ вакилларининг ушбу баёноти фуқароларда кўплаб саволларни келтириб чиқарди, интернетда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Гап шундаки, видеорегистраторлардан фойдаланиш мумкин эмаслигига аниқ сабаблар келтирилмаган, мавжуд қонунлар билан ҳам асосланмаган.

Газета.Uz’нинг ёзишича, ЙҲХДХ ходимлари кўпчилик ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-моддаси 2-бандига асосланиб видеорегистратор ўрнатишни тақиқламоқчи бўлади:

“Транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш —

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш —

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.

Ушбу модда видеорегитраторларга тегишлими?  Агар регистраторни салоннинг олд қисмига ўрнатиш мумкин бўлмаса, демак бошқа жойларга ўрнатиш мумкин экан-да?

Маъмурий жавобгарлик кодексининг 276-моддасида айтилишича, “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишга оид далиллар ҳар қандай фактик маълумотлардан иборат бўлиб, органлар (мансабдор шахслар) шу маълумотларга асосланиб маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юз берган ёки бермаганлигини, муайян шахснинг уни содир этишда айбдорлигини ва ишни тўғри кўриб чиқиш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни қонунда белгиланган тартибда аниқлайди.

Бу маълумотлар қуйидаги воситалар: маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтиришлари, жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида тузилган баённома, шунингдек бошқа материаллар билан белгиланади”

Ушбу Кодекснинг 294-моддасига кўра, “Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимоннинг хизматларидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир”

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 81-моддасида “Ижтимоий хавфли қилмишнинг юз берган-бермаганлигини, шу қилмишни содир этган шахснинг айбли-айбсизлигини ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни суриштирувчининг, терговчининг ва суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай ҳақиқий маълумотлар жиноят иши бўйича далил ҳисобланади.

Бу маълумотлар гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва бошқа ҳужжатлар билан аниқланади”, — дейилади.

Шу кодекснинг 91-моддасида айтилишича, “Далилларни қайд этиш учун баённома тузиш билан бир қаторда овоз ёзиш, видеоёзув, кинотасвир, фотосуратга тушириш, қолиплар тайёрлаш, нусхалар олиш, режалар, схемалар тайёрлаш ва ахборотни акс эттиришнинг бошқа усуллари қўлланилиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи, суд далилларни мустаҳкамлашнинг бу усулларини қўлланишга кўмаклашиш учун мутахассисларни жалб этиши мумкин”

Ўзбекистондаги ҳеч бир қонунчилик далолатномаси видеорегистратордан фойдаланишни тўғридан-тўғри тақиқламайди, дея таъкидлашмоқда мутахассислар.

Йўл-транспорт ҳодисалари терговларида видеорегистратор вазиятга ойдинлик киритишга ёрдам берувчи ягона холис гувоҳга айланиши мумкин. Видеорегистратордаги ёзув ЙҲХДХнинг баъзи ходимлари ҳодисани ўз фойдаларига ҳал қилишига йўл қўймайди.

Видеорегистратор ёзуви ЙТҲ иштирокчисининг қай даражада айбдор эканини аниқлашда, товон тўлаш масаласини кўриб чиқишда, маъмурий ёки жиноий жараён бўйича айбдорни аниқлашда бошқа далиллар қаторида ҳисобга олинади. Шу тариқа, мутахассислар фикрича, амалдаги қонунчиликка кўра видеорегистратордан фойдаланиш фуқароларнинг ҳеч ким дахл қила олмайдиган ҳуқуқидир.

 

Ўзбекча матн Дарё.ўз томонидан тайёрланган.