АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га 6,2 минг долларлик қарзини қайтариши керак

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси АҚШ элчихонаси орқали Америка ҳарбий ҳаво кучларидан 14,3 миллион сўм (Марказий банк расмий курси бўйича 6,2 минг доллар) миқдорида қарзини ундириш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини жалб қилади.

12news.uz сайтининг ёзишича, ушбу чора Ҳукуматнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг зарар кўриб ишлаётган корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл харитаси” — дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган. Ушбу ҳужжатда авиакомпаниянинг турли тузилмаларини соғломлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган.

Хабарларда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари қачон ва нега “Ўзбекистон миллий авиакомпанияси”га қарздор бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Экспертларнинг фикрича, бу кўрсатилган аэронавигация хизматлари учун бўлиши мумкин.