“Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг учинчи тармоғи ишга тушди

“Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг учинчи тармоғи (“С” тармоқ деб аталади) шу йилнинг 31 май куни фойдаланишга топширилди. Хитой миллий нефть-газ корпорацияси тарқатган хабарда айтилишича, 31 куни газ қувурининг ушбу тармоғи орқали Туркманистондан Ўзбекистон ҳудудига газ юборилган.

“С” тармоғи “А” ва “В” тармоқлари билан ёнма-ён ётқизилган бўлиб, умумий узунлиги 1830 километрни ташкил қилади. Газ қувурининг лойиҳа бўйича ўтказиш қуввати йилига 25 миллиард куб метр бўлиб, унинг 10 миллиарди Ўзбекистондан, яна 10 миллиарди Турманистондан, 5 миллиарди Қозоғистондан юборилади.

“С” тармоғи Турманистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудидан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали Шиньжонь уйғур автоном районига қадар боради ва у ерда Хитойнинг “Ғарб-Шарқ” газ қувурининг учинчи линияси билан туташади.

Мазкур тармоқни қуриш 2012 йил сентябрь ойида бошланган бўлиб, 2013 йилнинг охирида якунланган эди. Ҳозирда ушбу тармоқнинг ўтказиш қуввати 7 миллиард куб метрга тенг бўлиб, 2015 йилнинг охирига бориб бу 25 миллиард кубга етади ҳамда “Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг умумий ўтказиш қуввати йилига 55 миллиард куб метрни ташкил қилади.

“Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг “А” ва “В” тармоқлари 2009 йил охири ҳамда 2010 йилнинг октябрида фойдаланишга топширилган бўлиб, у орқали йилига 30 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилади.