Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси дунёдаги энг яхши ҳимояланган чегаралардан бири

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси дунёдаги энг яхши ҳимояланган чегаралардан биридир. Бу ҳақда Афғонистон таҳлилчилар тармоғи томонидан Афғонистоннинг Марказий Осий мамлакатлари билан алоқасига бағишлаб тайёрланган ҳисоботда маълум қилинган. Унда қайд этилишича, Афғонистон шимолида толиблар ҳукмронлиги даврида (1998-2001йй) Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо айланмаси қарийб бўлмаган. 2011 йилда Афғонистон Ислом Республикаси ташқи савдо айланмасида Ўзбекистон 6 фоизни, Афғонистоннинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 3 фоизни ташкил қилди. “Икки мамлакат ҳукуматлари сўнгги ўн йил давомида ўзаро савдо айланмасини ошириш бўйича кўплаб шартномаларни имзолашди. Икки тараф ҳам Ўзбекистон томонидан Афғонистонда темир йўл инфратузилмасини барпо этишига катта қизиқиш билдиришди. Ушбу лойиҳа 170 миллион долларга мўлжалланган бўлиб, унинг 165 миллиони Осиё тараққиёт банки, 5 миллион Афғонистон ҳукумати томонидан молиялаштирилди”, дейилади ҳисоботда.

2001 йилдан бери Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо айланмаси қарийб тўққиз баравар ортган. Ҳозирда икки давлат ўртасида савдо алоқалари яна тушиб бормоқда. Бунга сабаб “Ҳайратон” савдо портида маҳаллий амалдорларнинг ҳаддан ташқари порахўрлиги ҳамда бюрократик тўсиқларни пайдо қилаётганидир. Айни пайтда, маърузачиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистон — Афғонистон чегарасини “эзгулик ва қабоҳат ўртасидаги маънавий чегара” сифатида баҳолайди. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан дарё бўйлаб 137 километрлик чегараси ушбу мамлакатнинг Туркманистон ва Тожикистон билан  чегараларига қараганда жуда яхши ҳимояланган.

Хабарларга кўра, бу чегара тиканли сим, электрлаштирилган тўсиқ ва миналаштирилгани ҳамда Ўзбекистон томонидан яхши қуроллантирилган чегара қўшинлари билан ҳимояланган дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган чегара ҳисобланади. Қуролланган ва яхши жиҳозланган назорат-ўтказиш пунктларига қўшимча равишда одамларнинг ноқонуний чегарани кесиб ўтишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон дарё орқали соҳил қўриқлаш хизматини ҳам йўлга қўйган.

Шундай бўлса-да, чегарада турли инцидентлар учраб туради. Масалан, 2013 йилнинг биринчи ярмида Афғонистон ҳукумати томонидан 20 дан ортиқ чегарани бузиш ҳолати қайд этилган. Натижада Ўзбекистон томонидан 100 нафардан ортиқ афғонистонлик ҳибсга олинган.