Ўзбекистонда “Оҳангаронцемент”нинг мулки ва маблағлари ҳибсга олинган

Тошкент вилояти хўжалик суди “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамияти мулки ва банк ҳисоб рақамини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Биржа” газетасида эълон берилган. “Оҳанаронцемент” акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, корхонанинг банк ҳисоб рақамидаги 414,083 миллиард сўмга тенг пул маблағлари ҳамда 44,537 миллион сўмга тенг асосий маблағи ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 21 июлда суд қарори билан заводни хусусийлаштириш ноқонуний деб топилган. Судга ушбу хусусийлаштириш жараёнини ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини Ўзбекистон давлат рақобат қўмитаси берган.

Завод мулкдори — Россиянинг “Евроцемент груп” компанияси Давлат рақобат қўмитасининг эътирозини уйдирма, деб атаган ҳамда буни суд орқали қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилишини айтиб ўтган. “Евроцемент груп”да биринчи инстанция суд қарори юзасидан апелляция бериш учун 30 кунлик муҳлат бор.

UzDaily.Uz’нинг ёзишича, агар юқори инстанция суди биринчи инстанция суди қарорини тасдиқлайдиган бўлса, бу амалда активларнинг национализация қилинишидан далолатдир.

Шуни қайд этиш керакки, “Евроцемент груп” холдинги “Оҳангаронцмент” акциядорлик жамиятининг 75 фоиз акциясини 2006 йилда иккиламчи бозорда харид қилган бўлиб,  ҳозирги кунда корхона устав фондида унинг улуши 84 фоизни ташкил қилади. Қолган акциядорлар эса жисмоний шахслар ҳисобланади.

“Оҳангаронцемент” акциядорлик жамияти республикада ишлаб чиқариш қуввати бўйича иккинчи корхона бўлиб, унинг лойиҳа қуввати йилига 1,986 миллион тоннани ташкил қилади. заводнинг мамлакат ички бозоридаги улуши тахминан 30 фоизни ташкил қилади. Маҳсулотлар, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонга экспорт қилинади.