Ўзбекистон атом электр станцияси қурмоқчими?

Ўзбекистон ҳукумати яқин йилларда мамлакат ҳудудида атом электр станцияси қурилиши имкониятини кўриб чиқмоқда. Лента.ru сайтининг ёзишича, амалдорлар келажакда барпо этиладиган АЭС учун жойни аниқлаштирмоқда ҳамда пудратчилардан лойиҳа-смета ҳужжатларини қабул қилишга тайёр. Материалда қайд этилишича, агар Ўзбекистон АЭС қурадиган бўлса, минтақанинг сиёсий-иқтисодий ландшафтига сезиларли даражада ўзгартиш киритади.

Шуни қайд этиш керакки, ҳозирча лойиҳа ҳақида жуда кам маълумот мавжуд. Масалан, ушбу лойиҳани амалга оширишга Россия, Хитой, Канада ва Франция мамлакатларининг биридан пудратчи ёлланиши мумкин.

АЭСнинг қуриладиган жойи ҳақида шундай дейиш мумкин. Экспертлар ва амалдорларнинг фикрича, бу мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларида, аниқроғи, Айдаркўл ёнида қурилиши мумкин. Бу ернинг табиий-иқлимий зонаси бундай катта ва жиддий кўламдаги иншоотни қуриш  бўйича дастлабки шартларга мос тушади. Сув эса реакторларни совутишда фойдаланилиши мумкин. Қолаверса, бу ердан атрофдаги шаҳарлар — Тошкент, Самарқанд ва Бухорони арзон электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Сайтнинг қайд этишича, Тошкент маҳаллий иқтисодиёт учун хос бўлган газга қарамликка барҳам беради.

Чегаравий ҳамкорлик ассоциациясининг қозоғистонлик вакили Марат Шибутовнинг қайд этишича, Ўзбекистон 52 миллиард киловатт соат электр энергия ишлаб чиқариш билан бир пайтда ана шунча электр истеъмол қилади. Электр энергиянинг 83 фоизини иссиқлик электр станциялари ишлаб чиқаради. Уларнинг қарийб 75 фоизи газ сарфи эвазига шаклланади. Қолаверса, сўнгги йилларда мамлакатда нефть ишлаб чиқаришнинг камайиши ҳисобига унинг ўрнини газ билан тўлдиришга ҳаракат қилинмоқда. Газнинг 19-20 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга, 24 фоизи аҳолига, 20 фоизи экспортга, 19 фоизи нефть-газ соҳаси эҳтиёжларига, 11 фоизи саноат эҳтиёжларига йўналтирилади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда энергия мутаносиблигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Марат Шибутовнинг фикрича, ушбу АЭС мазкур муаммони ҳал қилган бўлар эди.

Марказий Осиё бўйича эксперт Александр Князевнинг қайд этишича, Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси ҳукумат томонидан муҳокама қилинган ҳамда ҳозирги кунда изчил ўрганиб чиқилмоқда. Агар буларнинг барчаси ҳақ гап бўлиб чиқадиган бўлса, нафақат иқтисодий ва энергетика масалалари, балки минтақадаги тизим ҳам сиёсий нуқтаи назардан кўриб чиқилади. Гидроресурсларга эга бўлган Қирғизистон ва Тожикистон қарийб бир неча ўн йилки ўз ҳудудида гигант ГЭС қуриш режасини илгари сурмоқда. Аҳолининг маиший эҳтиёжи учун зарур бўлган электр тақчиллигини ҳал қилишга қодир бўлмаган ушбу мамлакатлар улкан ГЭС қурилишини ҳатто миллий ғоя даражасига чиқариб юборишди. Яна бир жиҳати, Душанбе ҳам, Бишкек ҳам мазкур ГЭСларни қуришдан бош мақсад қўшни мамлакатларга таъсир ўтказиш воситаси эканлигини ҳам яшириб ўтиришмаяпти. Минтақада тангликни ҳосил қилган ҳолда Бишкек ва Душанбе Россиянинг қўллаб-қувватловидан умидвор бўлишмоқда. Чунки улар ОДКБ ва Евроосиё интеграциясидаги иштироки билан Россияни шундай ён босишга ундамоқда.

Экспертларнинг фикрича, Қозоғистон (у Курчатовда АЭС қуришни режалаштирмоқда) ва эндиликда Ўзбекистон АЭС лойиҳасини амалга оширишса, минтақада кучларнинг моҳияти ҳам ўзгаради. Айрим маълумотларга кўра, АЭСнинг қурилиши Тожикистон ва Қирғизистоннинг энергетика лидерлари сифатидаги ролини қарийб йўққа чиқаради. Чунки атом электр энергияси гидро энергиядан кўра анча арзондир.

АЭС қурилишида яна бир муҳим жиҳат, шак-шубҳасиз, хом ашё билан боғлиқдир. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам дунё бозорида уран етказиб берадиган мамлакатлар ҳисобланади. Икки давлат дунё уран бозорининг 40 фоизига эгалик қилади. Ўзбекистоннинг ўзи уран қазиб олиш бўйича еттинчи ўринда туради.

Материалда қайд этилишича, ҳозирги кунда дунё миқёсида АЭС қуриш борасида бир неча мамлакат компаниялари иш олиб боради, холос. Булар Россия, Хитой, Франция ва Канада компанияларидир. АЭСни қуришнинг ўзига хос жиҳати шундаки, нафақат жуда катта маблағга барпо этилади, балки ўша пудратчи йиллар давомида АЭСга техник хизмат ҳам кўрсатади. Бу катта маблағ ва битим деганидир. Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари яхшиланиб бораётганини инобатга олинса, Франция ёки Канада бу лойиҳани амалга оширишда иштирок этиши мумкин. Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитойнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги анча жонланиб қолди. Масалан, Навоий конь-металлургия комбинати ва Хитойнинг Гуандунь ядровий-энергетика корпорацияси ўртасида уран етказиб бериш бўйича 800 миллион долларлик битим имзоланган. Бугунги кунда Хитойда 14 атом реактори иш олиб бормоқда, 27 таси қурилиш жараёнида. 2030 йилга бориб, уларнинг сонини 50 тага етказиш мўлжалланмоқда. Шу нуқта назардан айтганда, АЭС қурилишида икки давлатнинг бу соҳадаги ҳамкорлиги қўл келиши мумкин.

Сиёсатшунос Игорь Панкратенконинг қайд этишича, ортиқча интеграция жараёнларисиз ҳам мамлакатлар (Россия ва Ўзбекистон) иқтисодий алоқаларни жадал олиб бормоқда. Бугун Россия Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидан етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Марат Шибутовнинг фикрича, Ўзбекистонда АЭС қурилиши ҳамма учун яхши. Албатта, Ўзбекистоннинг кучайишини истамаганлар бундан истиснодир. “Ўзбекистон МДҲ учун Афғонистон йўналишидаги асосий барьер эканлигини инобатга оладиган бўлса, ўйлайманки, атом энергетикасининг ривожлантирилиши мамлакатнинг барқарорлигини оширишда муҳим қадам бўларди”, деди у.

Ҳозирча АЭС қурилиши бўйича Ўзбекистон режасини на расмий Тошкент, на ташқи компаниялар тасдиқлаган. “Росатом”нинг ўз анонимлигини сақлаб қолиш таклиф этилган вакили ҳам бу хабарга изоҳ бермаган. Сайтнинг Ўзбекистондаги манбалари ҳам бунда ҳеч қандай кутилмаган ҳолатни кўришмаган. “Қарор ҳали қабул қилинмаган. Бундай истиқбол билан ҳеч ким таваккал қилмайди”, дейишмоқда улар.