BNP Paribas АҚШ қонунчилигини бузганлиги учун 8,9 миллиард доллар миқдорида жарима тўлайди

Душанба куни АҚШ Адлия вазирлиги Франциянинг BNP Paribas банки билан келишувга эришганини маълум қилди. Унга кўра, банк Эрон Судан ва Кубага қарши АҚШ ҳукумати томонидан жорий қилинган санкцияларга қарамасдан банк амалиётларини амалга оширгани учун 8,9 миллиард доллар миқдорида жарима тўлайди. Айни пайтда 2015 йилнинг 1 январидан бир йил мобайнида долларда бир қатор трансакцияларни амалга ошира олмайди. Яъни банк нефть ва газ билан боғлиқ олди-сотди шартномалари учун долларда тўлов қилмайди. Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати тақиқни амалга оширишни ярим йилга кечиктириб туради. Ушбу муддат давомида банк ўз мижозларига муқобил вариантларни тақдим этиши, мижозлар эса, ўз навбатида, ҳисоб рақамларини бошқа банкларга ўтказиши мумкин.  Шу билан бирга, банк бир қатор ходимларини ишдан бўшатишга мажбур.

Гап шундаки, BNP Paribas 2002-2009 йилларда АҚШ томонидан санкция жорий қилинган мамлакатларда банк амалиётларини турли йўллар билан амалга оширган. Масалан, Судан ҳукумати ва компаниялари билан санкцияларга қарамасдан 30 миллиард доллардан ортиқ банк хизматлари кўрсатилган. Ваҳоланки, Дарфурдаги қатлиом боис АҚШ бу мамлакатга нисбатан санкция қўллаган эди.

BNP Paribas бош директори Жон-Лоран Боннафе жарима ҳаддан ташқари қаттиқ эканлигини қайд этиб, лекин бу банкнинг истиқболдаги режаларига халақит бермаслигини қайд этди. Маълум бўлишича, банк 2013 йилда солиқлардан ташқари 11,2 миллиард доллар миқдорида соф даромад кўрган.

Таҳлилчилар фикрича, агар мазкур масалага Франция сиёсатчилари аралашмаганида, жарима миқдори бундан-да кўп бўлиши мумкин эди. чунончи, Франция президенти Франсуа Олланд Барак Обамага мурожаат қилиб, жарима миқдори адолатли бўлиши ҳамда Европа иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмаслигига кафолат сўраган. Гарчи Обама бу суд органларининг ваколатига киришини қайд этган бўлса-да, французларнинг лоббистик ҳаракатлари боис Нью-Йоркда лицензиядан маҳрум бўлиш, айни пайтда долларда умуман амалиёт ўтказмасликдек қаттиқ жазодан қутилиб қолди. Агар бу чоралар қўлланилганида, BNP Paribas амалда АҚШда ўз фаолиятига нуқта қўйган бўлар эди.

BNP Paribasга нисбатан қўлланган жарима АҚШда ушбу тизим муассасалари учун жиноят иши доирасида қўлланган энг катта жарима бўлиб, шу пайтга қадар Буюк Британиянинг BP нефть компанияси 2006 йилда 4 миллиард доллар жарима тўлаган эди. 2012 йилда эса яна бир Британия банки HSBC 2 миллиард, жорий йил май ойида эса Credit Suisse 2,6 миллиард жарима тўлашга рози бўлди.