2014 йилнинг охирида “Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуришга киришилади

Asia Trans Gas Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси 2014 йилнинг охирида “Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуришга киришади. Бу ҳақда “РИА Новости” ўз манбасига таяниб хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, базавий техник лойиҳа ишлаб чиқилган, тармоқ қурилиши шу йилнинг декабрь ойида бошланади ҳамда 2016 йилнинг охирида якунланади.

Агентлик манбаси сўзларига кўра, тарафлар йилига 30 миллиард куб метр қувватга эга бўлган газ қувурини қуришни тезлаштиришга келишиб олган. Аввалроқ газ қувури қурилишини 2015 йилнинг биринчи чорагида бошлаш кўзда тутилаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари газ қувурининг Ўзбекистон участкасини қуриш ва эксплуатация қилиш принциплари тўғрисидаги битимга баённомани имзолаган эди. Мазкур ҳужжатга биноан, газ қувурининг йиллик қуввати 30 миллиард метр куб бўлган тўртинчи тармоғи ишга туширилиши керак эди.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ҳамда Хитой миллий нефтгаз корпорацияси томонидан ташкил этилган Asia Trans Gas қўшма корхонаси 2015 йилнинг бошида Бухоронинг Газли туманидан бошланиб, Қозоғистон чегарасигача борадиган йиллик қуввати 25 миллиард метр куб бўлган 318 километрлик газ қувурининг Ўзбекистон участкаси қурилишини якунлашни режалаштирмоқда. Агар тўртинчи тармоқ ҳам ишга тушса, газ қувурининг ўтказиш қуввати йилига 55 миллиард куб метрга етади.