Жисмоний шахслар божхона декларациясини интернет орқали ҳам тўлдириш мумкин

Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ёки чиқиб кетаётган жисмоний шахслар энди Т-6 шаклидаги божхона баённомаси бланкасини Давлат божхона қўмитаси веб-сайтидан кўчириб олишлари мумкин. Бу ҳақда қўмита сайтида маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, ушбу интерактив хизматдан фойдаланиш орқали  жисмоний шахслар Т-6 шаклидаги божхона баённомасини компьютер ёрдамида ўзларига қулай бўлган вақтда ва божхона постидан ташқарида (офис, иш жойи ёки уйда) исталган жойда тўлдиришлари мумкин. Шунингдек, жисмоний шахслар божхона постларидаги баённомаларни тўлдириш устунларида навбат кутиш, ўзлари танлаган тилдаги бланкаларни излаш каби жузъий муаммоларга дуч келишмайди ҳамда йўловчиларнинг вақти тежалади. Яна бир жиҳат, Т-6 шаклидаги божхона баённомасини электрон шаклда тўлдириш вақтида йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўша вақтнинг ўзида тузатиш имконияти мавжуд.

Декларация PDF форматида сайтдан кўчириб олинганидан сўнг унга тегишли маълумотларни киритишингиз мумкин. Маълумотларни синчиклаб текшириб, хато ва камчиликлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, тўлдирилган бланкани А-5 форматдаги оддий қоғознинг мос равишда олд ва орқа томонига 2 нусхада чоп этиш зарурлиги айтилмоқда. Т-6 шаклидаги божхона декларацияси бланкасини дастлаб чоп этиб, сўнгра ручкада тўлдириш ҳам мумкин.

Божхона қўмитаси сайтида Т-6 шаклидаги божхона декларациясининг тўлдирилган намунаси ҳам тақдим қилинган.