Ўзбекистонда пиёдалар ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходимига суд ҳукми чиқарилди

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди пиёдаларни уриб кетган ички ишлар ходими – Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ 3-батальон бригадаси 2-отряди автоэкипажи ҳайдовчиси Бахтиёр Толиповга нисбатан 23 июль куни ҳукм чиқарди. Anhor.Uz’нинг хабар беришича, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида икки нафар пиёда ҳалок бўлган.

Суд ҳукмига асосан, Толипов етти йилга озодликдан маҳрум қилинди ва жазони ички ишлар органларининг собиқ ходимлари учун мўлжалланган махсус колонияда ўтайди.

Kun’нинг ёзишича, суд ҳукмига асосан, айбланувчи жабрланувчиларнинг оила аъзоларига жами 13 миллион сўм миқдорида товон пули ҳам тўлаши шарт.

Шуни қайд этиш керакки, шу йилнинг 23 апрель куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ЙПХнинг Nexia хизмат машинаси  катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб, уч пиёдани уриб кетган.

Ҳодиса натижасида эркак ва беш ёшли қизча ҳалок бўлган, ёш аёл эса жиддий тан жароҳатлари олгани ҳолда омон қолган. Ушбу фожеа жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Апрель ойи охирида қоидабузар милиционер ҳибсга олингани ва унга Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-банди бўйича айблов эълон қилингани ҳақида хабар берилган. Ушбу, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари»ни бузиш моддасига кўра, айбланувчи 10 йилгача қамалиши мумкин эди.