Ўзбекистон Қирғизистон эксклави аҳолисига ғаллани йиғиштириб олишга ёрдам берди

Қирғизистоннинг Бароқ эксклави аҳолиси Ўзбекистондан ғаллани йиғиштириб олиш учун техник ёрдам сўраган. “Озодлик” радиоси қирғиз хизматининг эксклав раҳбари Бурканбек Ашуров таяниб хабар беришича, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими Бароққа комбайн ажратиб берган.

“Ўтган ҳафта Ўзбекистон чегарачилари бизга телефон қилди ва комбайн ажратилишини маълум қилди. Мен Оқтош чегара пунктига бордим, у ерда комбайн ҳайдовчиси билан ғаллапояга етиб келдик ҳамда у 8 гектар ғаллани ўриб, ортга қайтиб кетди”, — деди Ашуров.

Чегаралар ёпиқлиги боис бароқликлар техникаларни етказиб беришда турли қийинчиликларга дуч келишмоқда, дейилади хабарда. Унга кўра, бароқликлар 8 гектар ғалла, 91 гектар жўхори экишган.

Қирғизистоннинг Бароқ эксклави Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.