Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг биринчи ярмида 14 миллиард долларни ташкил қилди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 14 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга ўсди.

Бу ҳақда Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси хабар берди. Шу жумладан, экспорт ҳажми – 7,22 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 8 фоизга ошган бўлса, импорт ҳажми эса 6,74 млрд. АҚШ долларини ташкил қилиб, 4,6 фоизга ўсди. Мос равишда ташқи савдо салдоси 482,1 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.

Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо шериклари сифатида юқори ўринларда Россия (жами ташқи савдо айланмасининг 28,5 фоизи), Хитой (12,5 фоиз), Қозоғистон (10,4 фоиз), Жанубий Корея (8,3 фоиз) жой олган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 28,9 милллиард долларни ташкил қилиб, 9,4 фоизга ўсган эди. Бунда экспортнинг улуши 15 миллиард долларни, импорт ҳажми эса қарийб 14 миллиард долларни ташкил қилган эди.