Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 500 нафардан ошиб кетди

БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ва фаластинликлардан зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ҳамда Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан олиб чиқилишини талаб қилди.  Интерфакснинг хабар қилишича, Иордания ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда Ғазо секторида кўп сонли тинч аҳоли ўртасида, жумладан, болалар қурбон бўлаётгани юзасидан “жиддий хавотир” билдирилган. Ҳужжатда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, “Ғазо секторидан Исроил оккупация кучларининг тезлик билан олиб чиқилиши”га талаб қилинган.

Якшанба куни Исроил армияси Ғазо секторида қуруқликдаги амалиётни кенгайтириши ҳақида маълум қилган эди. “Террористларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда Ғазодаги Исроил фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча қўшин киритилди”, — дейилади Исроил мудофаа вазирлиги расмий коммюникесида.

Эслатиб ўтамиз, 10 кунлик ҳаво ҳужумларидан сўнг 18 июль куни қуруқликдаги ҳарбий амалиётларни амалга оширишга киришилган эди.

Associated Press’нинг хабар беришича, ҳозиргача ҳарбий амалиёт натижасида 501 нафар фаластинлик, 13 нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлди. Фаластинликларнинг аксарият қисми тинч аҳоли вакилларидир.

Айни пайтда дунёнинг турли бурчакларида Исроилнинг мазкур ҳарбий амалиётига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.