Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик ИЭСни модернизация қилади

Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиёдаги энг йирик “Сирдарё иссиқ элетростанцияси” ОАЖни модернизация қилишга хориждан 600 миллион доллар кредит жалб қилади. Бу ҳақда “РИА Новости”нинг  “Ўзбекэнерго” ДАК вакилига таяниб хабар берди.

Ҳукумат топшириғига кўра, “Ўзбекэнерго” жорий йилнинг июль ойида мазкур станцияни модернизация қилиш бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асослаштиришини тайёлаши керак. Лойиҳага биноан, умумий қиймати 1 миллиард долларлик 900 МВт қувватига эга иккита газбуғи қурилмаси барпо этилади. Улар шунча қувватга эга аввалги электроблоклар ўрнига қурилади.

Хабарда қайд этилишича, лойиҳа қурилишига 2015 йилнинг бошида киришилади. Лойиҳа муддати уч йил бўлиб, унга хорижий инвестициялар билан бир қаторда, компаниянинг ўз маблағлари ҳам жалб қилинади. Бундан аввалроқ Россия компанияси 2014 йил охирига қадар ушбу ИЭСда 300 МВт қувватга эга иккита энергоблокни тўлиқ таъмирлаб бериши хабар қилинган эди. Таъмирлаш жараёнида блокнинг қуввати 50 МВтга оширилади.

Сирдарё ИЭС 1981 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, жами 3 минг МВт қувватига эга. ИЭСда 10 та 300 МВт қувватга электроблоклар мавжуд. Ушбу ИЭСда йилига республика электр тармоғи бирлашмаларига 13 миллиард кВт соат ёки Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиянинг 32 фоизи ишлаб чиқарилади.