Бруклинда йўқолган икки ёшли қизалоқнинг жасади кўлдан топилди

5 июль куни Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳарчасидаги паркда йўқолиб қолган қизалоқ кечга яқин кўлнинг тубидан жонсиз топилди. Қизнинг оиласи дам олиш куни паркда дам олаётган бўлган.

Нью-Йорк шаҳар полицияси сузувчилари икки ёшли Рухшона Қурбонова йўқолгандан беш соатлар ўтиб, унинг жасадини кеч соат олтиларда Проспект парки кўлидан топган. Қиз билан бирга 3-4 ёшдаги бола (қизнинг қариндоши) ҳам йўқолган. Қидирув пайтида бола кўл яқинида кийимлари сувга ивиган ҳолда  саломат топилган.

Рухшона Қурбонова
Рухшона Қурбонова

Болаларнинг йўқолгани ҳақида хабар тарқалиши ортидан паркдаги бошқа одамлар ҳам қидиришга кўмаклашиш учун келган.

Қизалоқнинг ота-онаси АҚШга 2010 йил Ўзбекистондан келган. Отаси Дилшод Исоқов Нью-Йоркда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди.

Гувоҳларнинг айтишича, фарзандининг жасади топилгани хабари етиб келиши билан қизнинг онаси Юлдуз дод солиб, ўзини ерга ташлаган. Тез тиббий ёрдам машинаси келиб, уни шифохонага олиб кетган.

Рухшонанинг тоғаси Бекзод Исоқовнинг айтишича, ўша куни яқин қариндошлардан иборат саккиз кишилик оилавий гуруҳ Бруклиндаги паркка пикник қилиш ва гўшт-кабоб пишириш учун чиққан. Катталар этибор бермаган пайтда болалар ўйнаб кўл томонга кетгани тахмин қилинади.

“Vatandosh” жамияти қизалоқнинг ота-онаси ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.