Ўзбекистонда ташувчининг фуқаролик масъулияти мажбурий суғурталанади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир қатор идоралар билан ҳамкорликда ташувчиларнинг фуқаролик масъулиятини мажбурий суғурталаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳа яқин кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

“Подробно” ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон фуқаролик кодексига биноан ташувчи йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилганлиги, шунингдек, юк ёки багажнинг йўқолиши, кам чиқиши ёки шикастланиши учун жавобгар ҳисобланади.

Хабарда айтилишича, қонун лойиҳасининг асосий ғояси ташувчининг фуқаролик масъулиятини суғурталаш орқали етказилган зиённи қоплашни кафолатлашдир. Амалдаги қонунчиликда йўловчи соғлиғи ва унинг мулкига етказилган зарар учун фуқаролик масъулиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқ. Бугунги кунда “Умумий фойдаланишдаги  ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий суғуртаси тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинмоқда. Хабарда айтилишича, мазкур қонун таҳлили шуни кўрсатдики, у замонавий талабларга жавоб бермайди.

Қонун йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилганлиги, шунингдек, юк ёки багажнинг йўқолиши, кам чиқиши ёки шикастланиши учун ташувчининг фуқаролик масъулиятини мажбурий суғурталашни тартибга солишга қаратилган бўлиб, бу борадаги объект ва субъектларга талаблар аниқ акс эттирилган.