Равшан Эрматов Нидерландия — Коста-Рика ўйинини бошқариб боради

Ўзбекистон ФИФА рефериси Равшан Эрматов Бразилияда ўтаётган Жаҳон чемпионатида ўзининг тўртинчи ўйинига тайинланди. Бу ҳақда Stadion.Uz сайти хабар тарқатди.

ФИФА расмий сайти эълон қилган маълумотга кўра, Нидерландия ва Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги чорак финал баҳсини Эрматов ва унинг жамоаси бошқариб боради. Унга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ёрдам беришади. Захира ҳаками вазифасини эса кот-д’ивуарлик Нумандьез Дуэ бажаради.

Бунгача Эрматов бошчилигидаги ҳакамларимиз гуруҳи Швейцария-Эквадор (1-тур), Хорватия-Мексика (3-тур) ва АҚШ-Германия (3-тур) ўйинларини бошқаришганди.

Голландия-Коста-Рика ўйини чорак финал жуфтликлари орасида сўнггиси бўлиб, у 5 июлдан 6 июлга ўтар кечаси соат 01:00да (Тошкент вақти билан) бошланади.

Аргентина ва Бельгия жамоалари ўртасидаги яна бир чорак финал баҳси эса Никола Риццоли (Италия)га топширилди.

Бу Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионатларидаги саккизинчи ўйини бўлди. Ўзбекистонлик ФИФА рефериси саккизта учрашувни бошқарган Жоэль Кинью (Франция), Хорхе Ларрионда (Уругвай) ва Бенито Арчундиа (Мексика)лар рекордини янгилайди.