Ислом Каримов Минор масжиди қурилиши жараёни билан танишди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 18 июль куни Тошкентнинг кўҳна Минор мавзесида янги муҳташам масжид биноси қурилиши ишлари билан яқиндан танишди.

ЎзАнинг хабар беришича, Ислом Каримов ғоя ва таклифлари асосида яратилган ушбу лойиҳада миллий меъморчилигимизнинг азалий анъана ва услубларидан фойдаланган ҳолда ҳар жиҳатдан бетакрор, муаззам мажмуа барпо этиш кўзда тутилган.

Президент бу ерда моҳир қурувчи ва усталар фаолияти билан танишиб, амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари ҳақида фикр билдирди, мажмуани янада такомиллаштириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берди.

Ислом Каримов мазкур қадамжо атрофида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ҳам синчиклаб кўздан кечирди. Ҳар бир дарахт, ҳар қайси майдон, фаввора ва йўлак шаҳарсозликнинг энг юксак талабларига уйғун бўлиши зарурлигини уқтирди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳудуддан оқиб ўтадиган Анҳор ва унинг атрофидаги жойлар ободонлаштирилиб, пойтахт қиёфасига алоҳида кўрк ва чирой бағишламоқда.

“Президентимиз бундай муқаддас жойларда аввало пок ният, соф интилиш билан иш олиб бориш, ҳар бир ғиштни қўйишда етти ўлчаб бир кесиш кераклигини, токи биз бунёд этган муҳташам иморатлар асрлар давомида авлодларимизга ҳайрат ва ғурур-ифтихор бағишлаб туриши зарурлигини алоҳида таъкидлади”, деб ёзади ЎзА.

“Минор” қабристони ёнидаги масжид шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи хизмати инжиринг компанияси томонидан шаҳар бюджети маблағлари ҳисобига барпо этилмоқда.