Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўзгарди. Бу ҳақда дастлаб Kun.Uz хабар тарқатди.

Кейинчалик ушбу ўзгариш Gov.uz порталидаги Ўзбекистон ҳукуматинингшахсий таркиби саҳифасида ҳам акс этган.

Шу кунгача Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига раислик қилиб келган Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири этиб тайинланган.

Хабарда айтилишича, Азиз Абдуҳакимов 2012 йил ноябридан бери Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Бунгача эса 2010 йил мартидан Давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган.

2010 йилдан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига раҳбарлик қилиб келган Актам Ҳайитов қайси ишга ўтказилгани, шунингдек, давлат қўмитасига энди ким раҳбарлик қилиши ҳақида маълумотлар йўқ.