Ўзбекистонда навоийшунос олима Суйима Ғаниева ҳақида ҳужжатли фильм ишланди

Шу йилнинг 4 июль куни Алишер Навоий номидаги кино саройида атоқли навоийшунос олима, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси Суйима Ғаниеванинг ибратли ҳаёт йўли, илмий ва жамоатчилик фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Йўл” ҳужжатли фильмининг прьемераси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги киносаройи расмий сайтида маълум қилинган.

“Умрим мобайнида бир неча бор Афғонистонда бўлишга тўғри келди. Аммо ҳазрат Навоий қабрини зиёрат қила олмадим. Бу менинг армоним бўлиб қолди. Аммо ул зотнинг қўлёзмасини Ўзбекистонга олиб келиб, ўзим бош-қош бўлиб, нашр эттирганим ана шу армонни бир қадар ушатгандек бўлди”, – дейди олима.

Эслатиб ўтамиз, “Меъмор” студиясида тасвирга олинган ушбу фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлигида 2014 йилдан бошлаб йўлга қўйилган, юртимизнинг маънавий-маърифий тараққиётига катта ҳисса қўшган ва қўшаётган ватандошларимизнинг ёш авлод учун ибратли ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Замон ва тақдирлар” номли ҳужжатли фильмлар туркумининг бир қисмидир.

Сенарий муаллифи – Эшқобил Шукур, режиссёр – Адҳам Усмонов, тасвирчи – Музаффар Юсупов.