Ўзбекистондан муқаддас Умра амалини бажариш учун дастлабки гуруҳ жўнаб кетди

Шу йилнинг 10 июль куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки 170 нафардан иборат гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерида Саудия Арабистонига умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, баҳорги умра зиёратини жами 5904 нафар ўзбекистонлик (Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича 31та рейс) адо этиб, мамлакатимизга соғ-саломат қайтиб келдилар.

Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилди.

Рамазон мавсумида эса Саудия Арабистонида куннинг ҳаддан ташқари исиб кетиши ҳамда фуқароларимиз ҳоҳиш истакларидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик 670 нафар зиёратчиларни (Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича 3та рейс) умра сафарига юбориш режалаштирилган.

Хабарда айтилишича, сафарга чиқишдан олдин барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида миненгит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Рамазон мавсумида ҳам зиёрат 10 кунни ташкил этди (Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун). Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 2 нафар ишчи гуруҳи, 3 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатилади.

Ўзбекистонлик  зиёратчилар Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий” билан ёнма-ён жойлашган “Мавадда Нур” меҳмонхонаси ҳамда Макка шаҳрида Ҳарамдан 900 метр узоқликдаги “Нама Мавадда” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар.

Зиёратчиларимизнинг сахарлик ва ифторлик қилишлари учун меҳмонхоналарда ошхоналар ташкил этилган. Зиёратчиларимизнинг соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида меҳмонхоналарда минишифохоналар фаолияти ташкил этилмоқда.