Олма-отада “Роғун” ГЭСи бўйича якуний учрашув ўтказилади

Жаҳон банки шу йилнинг 14-18 июль кунлари Олма-отада Роғун ГЭСи қурилиши бўйича музокараларнинг бешинчи босқичи ўтишини эълон қилди. Бу ҳақда Anhor.Uz хабар тарқатди.

Олма-ота учрашувида манфаатдор давлатлар ҳукуматлари, минтақадаги давлат ва жамоат ташкилотларининг 25 га яқин вакили қатнашиши кутилмоқда. Хабарда айтилишича, лойиҳа муҳокамасига Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар тайёргарлик кўрмоқда.

Олма-отадаги музокаралар Жаҳон банки томонидан Роғун ГЭСини техник-иқтисодий асослаш ишларининг ўтказилишига бағишланади. Унда, шунингдек, “Coyne & Bellier ва Poyry” хавфларни баҳолаш компаниясининг лойиҳани баҳолаш бўйича ҳисоботларини таҳлил қилади. Тўғон хавфсизлигини ўрганиш, унинг қўшни давлатларга эҳтимолий салбий таъсири ва экология билан боғлиқ масалалар шулар жумласидандир.

Олма-отадаги учрашув яна шуниси билан ҳам муҳимки, у Жаҳон банки томонидан август ойида эълон қилинадиган лойиҳани амалга ошириш заруратига доир узил-кесил қарори олдидан ўтказиладиган якуний учрашув ҳисобланади.