“Роғун” ГЭСи бўйича Олма-ота музокараларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этади

Маълумки, шу кунларда Жаҳон банки шафелигида Олма-отада Роғун ГЭСи қурилиши бўйича музокараларнинг бешинчи босқичи бўлиб ўтмоқда.

Унда манфаатдор давлатлар ҳукуматлари, минтақадаги давлат ва жамоат ташкилотларининг 25 га яқин вакили қатнашмоқда. Лойиҳа муҳокамасида Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар тайёргарлик кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу лойиҳа бўйича асосий мунозаралар 17-18 июлга мўлжалланган бўлиб, унда Ўзбекистон делегациясини Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошқариши кутилмоқда.

Олма-отадаги музокаралар Жаҳон банки томонидан Роғун ГЭСини техник-иқтисодий асослаш ишларининг ўтказилишига бағишланади. Унда, шунингдек, “Coyne & Bellier ва Poyry” хавфларни баҳолаш компаниясининг лойиҳани баҳолаш бўйича ҳисоботларини таҳлил қилади. Тўғон хавфсизлигини ўрганиш, унинг қўшни давлатларга эҳтимолий салбий таъсири ва экология билан боғлиқ масалалар шулар жумласидандир.

Олма-отадаги учрашув яна шуниси билан ҳам муҳимки, у Жаҳон банки томонидан август ойида эълон қилинадиган лойиҳани амалга ошириш заруратига доир узил-кесил қарори олдидан ўтказиладиган якуний учрашув ҳисобланади.