Ўзбекистонликлар Россиядан жорий йилнинг биринчи чорагида 910 миллион доллар юборишган

2014 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 910 миллион доллар миқдорда пул ўтказмалари амалга оширилган. Бу 2013 йилнинг шу даврига қараганда 11,73 фоизга камдир. Бу ҳақда Россия Марказий банки маълумотларига таяниб UzDaily хабар берди.  Россиядан Ўзбекистонга амалга оширилган ҳар бир банк амалиётининг ўртача қиймати 492 долларни ташкил этди (2013 йилнинг биринчи чорагида  — 513 доллар, -4,1%).

Ўзбекистондан  Россияга пул ўтказмалари ҳажми эса 2013 йил январь—мартидаги 127 миллион доллардан 2014 йилнинг биринчи уч ойида 137 миллион долларгача ўсди (+7,87%).

Ўзбекистондан Россияга амалга оширилган ҳар бир банк амалиётида ўртача 1750 доллар жўнатилган (2013 йилда 1816 доллар).

2014 йил 1 июнь ҳолатига кўра, 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик мигрантлар Россияда меҳнат қилмоқда. Ўзбекистондан кейинги ўринларни 1,6 миллион киши билан Украина ва 1,1 миллион киши билан Тожикистон эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан пул ўтказиш тизимлари орқали 6 миллиард 632 миллион доллар миқдорида юборилган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп кўрсаткич ҳисобланади.