Ўзбекистонда стоматология институти ташкил этилади

Ўзбекистонда Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институти ташкил этилади. Бу ҳақда Президент қарори имзоланди.

Қарорда “Стоматология соҳасидаги юқори малакали тиббиёт кадрларини халқаро талаблар ва стандартлар даражасида тайёрлашни янада такомиллаштириш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган ўқув ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, илғор ахборот-коммуникация ва таълим технологияларини жорий этиш, бўлғуси стоматолог мутахассисларнинг назарий тайёргарлигини улар ўрганаётган амалий кўникмалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда олиб борилишини таъминлаш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш”  кўрсатиб ўтилган.

Айни пайтда Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларининг стоматология факультетлари, Тошкент педиатрия институти Нукус филиалининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институтининг республика минтақаларидаги филиаллари ташкил этилади.

Тошкент давлат стоматология институти ҳузурида эса Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-амалий маркази ташкил этилади.

Қарорда кўрсатилишича, 2014 йилда Тошкент тиббиёт академиясига ҳамда стоматология йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича республиканинг бошқа олий тиббиёт таълим муассасаларига ҳужжатларини топширган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар яқинда тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ Тошкент давлат стоматология институти ҳамда унинг филиалларининг тегишли йўналишлари ва мутахассисликларига қабул қилинадилар.