Америка авиакомпанияларига Тель-Авивга учиш вақтинчалик тақиқланди

АҚШ фуқаро авиацияси бўйича федерал бошқармаси Америка авиакомпанияларининг Тель-Авивга учишларига вақтинчалик тақиқ қўйди. Эслатиб ўтамиз, сешанба куни мазкур идора ушбу қарорини вақтинчалик эканлигини қайд этиб, вазиятга қараб иш тутишини маълум қилган эди. Чоршанба куни бошқарма тақиқни яна бир кунга чўзди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан жорий қилинган мазкур тақиқ Тель-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропортига жорий қилинган. Бошқарма Исроил ҳукумати билан минтақадаги вазият ҳақида янги ахборот олиб туришда яқиндан ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.

Аввалроқ, Бен-Гурион халқаро аэропорти яқинига келиб тушган ракета портлаши оқибатида икки киши тан жароҳати олгани маълум қилинган эди. Айни чоғда ҲАМАС бир қатор халқаро компанияларнинг авиақатновларни бекор қилганини олқишлаб, буни “қаршилик ҳаракатининг буюк ғалабаси” ҳамда Исроил мағлубиятининг тасдиғи деб эълон қилди.