Ислом Каримов Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлини қабул қилади

Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли Ўзбекистонга ташриф буюради. Ташриф доирасида иккитомонлама учрашувлар ва музокаралар бўлиб ўтади. Уларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг бугунги аҳволи, истиқболи, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар муҳокама этилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинади.

Шуни қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон — Туркия муносабатлари илиқлашгани кўзатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинлари очилиш маросимидаги қатнашиш учун уюштирган сафари доирасида Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдоған билан учрашган эди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтган. Унда томонлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш кераклигини алоҳида таъкидлашган. Учрашувда икки тараф манфаатларига тааллуқли масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, ташриф икки давлат ташқи ишлар вазирлари даражасида сўнгги 13 йилдан сўнг илк сафар сифатида муҳим аҳамиятга эгадир. “Мулоқотлар чоғида икки давлат ўртасида тенг ҳуқуқлилик ҳамда тенг манфаатли ҳамкорлик асосида муносабатларни янада ривожлантириш, икки давлатни ташвишлантираётган долзарб масалалар муҳокама қилинади”, — дейилади хабарда. Хабарда айтилишича, Туркия ташқи ишлар вазири Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам ташриф буюради.