“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Украина билан принципиал келишувга эришди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва “Украина халқаро ҳаволиниялари” компанияси 2014 йилнинг июль ойи охирига қадар ўзаро ташиш ҳужжатларини ҳамда код-шеринг битимини ўзаро тан олиш бўйича интерлайн битимини имзолаш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда UzDaily хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, компаниялар шартноманинг асосий параметрларини, шу жумладан, амалга ошириладиган авиақатновлар сонини ҳам келишиб олган. Унга кўра, ҳар бир компания ҳафта давомида иккитадан авиақатнов амалга оширади. Айни пайтда авиақатнов кунлари шундай тақсимланадики, Тошкент ва Киев ўртасида сафар қилаётганлар, шунингдек, транзит йўловчилар учун ҳам қулай бўлишига ҳаракат қилинади.

Шундай қилиб, шу йилнинг 15 июлидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Тошкент — Киев ўртасида, 14 августдан эса “Украина халқаро авиалиниялари” компанияси Киев — Тошкент йўналишида ўз авиақатновларини пайшанба ва якшанба кунлари, қайтишда эса душанба ва жума кунлари йўлга қўяди.

“Муаммоли масалаларни амалий ёндашиш орқали биз келишиб олдик ҳамда авиақатновларни мақбул жадвал асосида амалга ошириш имкониятига эга бўлдик”, — деди Украина авиакомпанияси президенти Юрий Мирошников.

Унинг фикрича, хорижий авиакомпаниялар учун Украина томонидан ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Авиақатновларни амалга ошириш, аэропортларда хизмат кўрсатиш, ваколатхоналарни рўйхатга олиш ва очиш, сотиш тармоқларини очишга рухсатномалар олиш тартиби жуда осон ва шаффоф эканлигини маълум қилди.