Ўзбекистонда ҳар икки оиланинг бирида енгил автомобиль мавжуд

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, аҳолининг юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси тобора ўсмоқда. Агар 2000 йилда ҳар 100 оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етган. Оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга.

“Илгари қишлоқларда битта-иккита машина бўлар, кимнингдир шошилинч иши чиқиб қолса, ўшаларникига чопарди. Шаҳарлар, ҳатто, Тошкент кўчаларида ҳам автомобиллар камёб бўларди”, — дейилади ЎзА материалида.

Материалда қайд этилишича, бугун энг чекка қишлоқда ҳам юкингиз ерда қолмайди. Ҳар икки уйнинг бирида машина. Баъзи оилаларда иккитадан автомобиль бор. Исталган йўналишга таксилар қатнаб турибди. Уйда ўтириб таксига буюртма бераверасиз.

“Мамлакатимиз кўчаларида автомобиль қатнови бир зум тинмайди. Машиналар кўплигидан тирбандликлар юзага келмоқда. Тўхташ жойлари етмай, кўпқаватли автотураржойлар барпо этилмоқда”, — деб хулоса қилади ЎзА мухбири.