АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси виза беришни тўхтатди

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси АҚШ давлат департаменти консуллик ишлари бюросининг паспорт ва визалар тизимида техник муаммолар туфайли виза беришни тўхтатиб турибди.

Элчихона эълонида қайд этилишича, мазкур муаммо бутун дунё бўйлаб кузатилиб, айни бир давлат ёки фуқаролик хужжати ёхуд виза тоифасига тааллуқли эмас. “Мазкур муаммо туфайли ўз паспортларини, чет элда туғилганлик ҳақидаги консуллик ҳисоботини ёки визаларини ўз вақтида ола олмаётган мурожаат этувчилардан узр сўраймиз. Ҳозирда вужудга келган муаммони ҳал қилиш устида иш олиб бормоқдамиз ва тизим тез орада қайта иш ҳолатига қайтишини кутмоқдамиз”, — дейилади элчихона эълонида.

Унда қайд этилишича, консуллик бўлими виза тайёрлиги ҳақида хабардор қилиш учун фуқаролар билан DS-160 анкетасида кўрсатилган телефон рақами ёки электрон почта манзили орқали боғланади. “Афсуски, шу техник муаммо туфайли визаларни чоп этиш жараёнини тезлаштиришимизнинг мутлақо имкони йўқ ва визалар тайёр бўлиш санаси ҳақида маълумот бера олмаймиз”, — дейилади хабарда.