Ўзбекистон ЯИМ миқдори бўйича 66-ўринни эгаллади

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда 66-ўринни эгаллади. UzDaily.Uz сайти Жаҳон банки маълумотларига таяниб хабар тарқатди. Жаҳон банки давлатларнинг ЯИМ бўйича рейтингини 2013 йилги истеъмол қуввати қиёсини (purchasing power parity) ҳисобга олган ҳолда тузиб чиқди. Ушбу рейтингда 190 та мамлакат ўрин олди.

Жаҳон банки рейтингига кўра, Ўзбекистон истеъмол қуввати паритетини ҳисобга олган ҳолда 156,256 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулоти билан 66 ўринда қайд этилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон 2012 йилда 106,931 миллиард долларлик ЯИМ билан ҳам 66-ўринни эгаллаган эди. Жаҳон банки мамлакатнинг ЯИМ бўйича иқтисодиёти ҳажми борасида ҳам маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 56,796 миллиард долларлик ЯИМ билан 75-ўринни эгаллади. Ўзбекистон 2012 йилда 51,113 миллиард долларлик ЯИМ билан 74-ўринда қайд этилган эди.

ЯИМнинг киши бошига миқдори 2013 йилда 1878 долларни ташкил этди. Бу 2012 йилдагига қараганда 9,2 фоизга кўпдир. Ўзбекистон ЯИМнинг киши бошига миқдори бўйича 126-ўринни эгаллайди. Ўзбекистон аҳоли сони бўйича 43-ўринни эгаллаб, 30,241 миллион кишини ташкил қилмоқда.