Академик Амин Бахиев вафот этди

Ботаника соҳасидаги йирик олим, биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Амин Бахиев 77 ёшида вафот этди.

ЎзАда чоп этилган таъзияда қайд этилишича, А. Бахиев 1937 йили Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида деҳқон оиласида туғилди. 1961 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатиб, Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида кичик илмий ходим сифатида иш бошлади. 1969 йилда номзодлик, 1983 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Жонкуяр ва фидойи олим ўзининг 50 йилдан ортиқ илмий фаолияти давомида Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Ботаника боғи, Табиий фанлар бирлашган институти, Биоэкология институти директори, Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Президиуми раисининг ўринбосари каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ҳамда ботаника соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, илм-фаннинг мазкур йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

А. Бахиев Жанубий Оролбўйи ва Амударё дельтаси ўсимлик дунёсини ўрганиш, ушбу ҳудудда биохилма-хилликни сақлаб қолиш борасида фаоллик кўрсатди, қурғоқчил ерларда ўсадиган ўсимликларни тадқиқ этиш бўйича илмий мактабга асос солди.

Олимнинг Оролбўйи ҳудудидаги ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш ва унинг барқарор ривожланишига оид мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум. Унинг раҳбарлигида ўндан ортиқ фан номзоди ва доктори тайёрланган.

Академикнинг вафоти муносабати билан Ислом Каримов, Илгизар Собиров, Дилором Тошмуҳаммедова, Шавкат Мирзиёев,  Муса Ерниязов, Нагмет Аимбетов таъзия билдирган.