Ўзбекистон ва Хитой жами 6 миллиард долларлик келишув битимларини имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар бўйича йигирмадан зиёд ҳужжат, шунингдек, 800 миллион доллар миқдорида савдо шартномалари имзолангани ва шу тариқа жами 6 миллиард долларлик келишувга эришилди.

ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ўзбекистон Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди. Мазкур йўналиш 124 километрлик электрлаштирилган Ангрен – Поп темир йўли қурилиши лойиҳасини ўз ичига олган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, мамлакатлар ўртасида техникавий-иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньиннинг ўтган йил сентябрь ойидаги Ўзбекистон сафари давомида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланганди.