Тошкент шаҳар ИИБ: ички ишлар ходимлари йўл-транспорт ҳодисаси содир этмаган

Ўзбекистон ижтимоий тармоқлари ва бир қатор интернет манбаларида Тошкент шаҳридаги йўл-транспорт ҳодисаси ҳақда турли хабарлар авж олди. Уларга кўра, 18 август куни тунда Аграр университети тарафдаги Темур Малик кўчасида “милиция машинаси пиёдани босиб, воқеа жойидан қочиб кетгани, қоидабузар автомобиль рақами эса ИИВ органларига мансуб” экани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда, уларга асосланиб эса бир қатор сайтларда тарқатилган эди. Хабарларда ЙТҲни содир этган автомобилнинг давлат рақами 676 VSB экани ҳам алоҳида қайд этилган.

Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчисининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам 18 август, душанба куни Аграр университети тарафда Matiz автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Хабар беришларича, ҳозирги вақтда пиёдани босиб кетишда гумон қилинган Matiz топилган, ўша вақтда автомобиль ичида бўлган икки киши эса эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган, ҳозирги вақтда улардан қайси бири рулда бўлганига аниқлик киритилмоқда.

Унда қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган Matiz автомобилининг давлат рақами ҳақиқатан ҳам 676 VSB бўлиб, автомобиль ичида бўлган икки киши ИИВ органларига алоқадор эмас.

Қайд этишларича, сўнгги вақтларда ИИВ органлари автомобилларининг VSB серияли давлат рақамлари бошқа сериядаги рақамларга алмаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтда VSB сериясидаги рақамлар оддий фуқаролар бошқарувидаги автомобилларга, масалан, турли юридик шахслар (фирмалар, ташкилотлар)нинг хизмат машиналарига ҳам берилмоқда.

Тошкент шаҳар ЙҲХБ вакилининг қўшимча қилишича, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пиёда вафот этган.