Ўзбекистоннинг яна бир банки “Золотая корона” пул ўтказмалари хизмати ҳамкорига айланди

Ўзбекистон Республикаси Халқ банки мижозлари эндиликда Россиянинг “Золотоя Корона — денежние переводи” (“Олтин тож — пул ўтказмалари”) хизматидан фойдаланиши мумкин.

Мазкур хизматнинг хабар беришича, йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда кўрсатилаётган хизматлар тармоғи кенгайди. Энди Ўзбекистон Республикаси бўйлаб Халқ банкининг жами 172 нуқтасидан пул ўтказиш мумкин.

Халқ банки бугун Ўзбекистондаги энг йирик универсал банклардан бири бўлиб, “РИА Рейтинг”га кўра, банк МДҲ мамлакатлари банклари орасида Топ-200ликка киради. Унинг активлари 2013 йилда 16 фоизга ўсган.

Халқ банкининг пул ўтказмалари бошқармаси бошлиғи бошлиғи Улуғбек Илиёсовнинг айтишича, “Золотая корона” билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали республикада фуқаролар учун пул ўтказмалари хизматини қулайроқ қилишга қаратилгандир.

Халқ банки бўлинмаларида “Золотая корона” пул ўтказмалари АҚШ долларида амалга оширилади. Мазкур хизмат орқали Абхазия, Озарбайжон, Беларусь, Вьетнам, Греция, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Мўғулистон, Непал, Россия, Тожикистон, Туркия, Украина ва Чехияга пул жўнатиш мумкин.

Пул ўтказмалар манзил кўрсатилмаган шаклда амалга оширилади. Ўтказмалар статусини perevod-korona.com сайти орқали онлайн кузатиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида Россиядан жисмоний шахслар томонидан юбориладиган пул ўтказмалари ҳажми бўйича биринчи ўринда туради. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 15га яқин пул ўтказиш тизими фаолият юритади. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон Россиядан шахсий пул ўтказмалари бўйича 2013 йилда етакчи давлат бўлди. Бу кўрсаткич 6,7 миллиард долларга етиб, 2012 йилга нисбатан 17,5 фоиз ўсиш кузатилди.