Ироқ 2: Башар Ассад, Ғарб ва Эронни бирлаштирган таҳдид

Америкалик журналист Жеймс Фоулининг Ислом давлати (бундан аввалроқ Ироқ ва Шом ислом давлати эди) террорчилари томонидан қатл қилиниши, қолаверса, ушбу гуруҳ жангариларининг Ироқ, Сурия, Ливиядаги хатти-ҳаракатлари дунё жамоатчилигининг эътиборини ўзига жалб қилди.

Хўш, Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) террорчилик (бундай дейишга асос: АҚШ уни террор ташкилоти сифатида рўйхатга киритган) ташкилоти қандай дунёга келди? Улар ким аслида?

Бошқа диний террор ташкилотларига қараганда Ироқ ва Шом ислом давлати ҳарбий гуруҳи нисбатан кеч ташкил топган. Гарчи 2006 йилдаёқ “Ироқ ислом давлати” ташкилоти тузилган бўлса-да, “Ироқ ва Шом ислом давлати” кўринишида улар 2013 йилда, яъни Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта бошлаши билан тузилган. Айрим манбаларга кўра, Қатар ушбу диний радикал ташкилотнинг асосий ҳомийси бўлиб, ушбу гуруҳни нафақат Башар Ассадга қарши, балки Саудия Арабистонидаги рақибларига қарши ҳам фойдаланиб келган. Шунинг учун ҳам Саудия Арабистони бошқа бир диний ташкилот — Жабҳат ан-Нусра (“Ал-Қоида”нинг Сурия тармоғи)ни молиялаштириб туради. Сурияда ушбу икки гуруҳ ўртасида мунтазам ҳарбий тўқнашувлар бўлиб туради.

Аммо сўнгги воқеалар Қатарни бундай масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилишга ундади. Қатар ташқи ишлар вазири Холид бин Муҳаммад ал-Аттияҳ “Қатар экстремистик гуруҳларни, шу жумладан, Ироқ ва Шом ислом давлатини ҳеч қандай усулда қўллаб-қувватламаган”, деб баёнот берди.

Франциялик сиёсатшунос Фредерик Анселнинг фикрича, “Ироқ ва Шом ислом давлати” ва “Ал-Қоида” ўз ғоясига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ИШИД теократик бўлса-да, ҳудудий давлат тузишга ҳаракат қилади. “Ал-Қоида” вазиятдан келиб чиқиб, турли ҳудудларда иш олиб боради. Шу нуқтаи назардан қараганда, ИШИД кўпроқ толибонларга ўхшаб кетади.

Дастлабки миллионлар

ИШИД сафида Ироққа ҳужум қилиш арафасида 6 минг атрофида жангари бўлгани айтилади. Шундай бўлса-да, уларнинг ярмидан ками Ироқ операциясида иштирок этади. Улар Ироқнинг бир қатор муҳим шаҳарларини, шу жумладан, Саддам Ҳусайннинг туғилган шаҳри Тикритни қўлга олишга муваффақ бўлди. Ўша пайтда Ироқнинг яна бир шаҳри Мосулда 30 минг кишилик қуролли кучлар бор эди. Қолаверса, 2 миллионлик ушбу шаҳарга марказий ҳукумат юборган қўшинлар ҳисобига армия сони 50 мингга етарди. Аммо бир ярим минг кишилик ИШИД жангарилари Мосулни қарийб жангсиз қўлга киритди. Кейинчалик Ироқ Қуролли кучлари бундай шармандали мағлубиятни мамлакат армиясидаги носоғлом муҳит билан боғлашди.

reuters
reuters

Натижада террорчилик қўлига нафақат қурол-яроғ омборлари, балки маҳаллий банклар ҳам тушди. ИШИД жангарилари банкларнинг сейфларида сақланаётган 430 миллион долларни ўзлаштириб олишди. Шу билан бирга, ушбу гуруҳ археологик ёдгорликларни пуллаш ҳисобига 50 миллион доллар ишлаб олган. The New York Times’нинг ёзишича, ИШИД дунёдаги энг бой террор ташкилоти бўлиб, унинг бойлиги тахминан 2 миллиард доллар атрофида эканлиги айтилади. The Telegraph нашрининг ёзишича, сўнгги олти ой давомида мазкур ташкилот раҳбарлари 1,2 миллиард доллар миқдорида маблағ топган. Манбаларда қайд этилишича, ушбу ташкилотнинг молиявий манбалари одатдаги йўллар: ҳомийлик ёрдами, тинч аҳолидан закот ва бошқа тўловлар олиш, гаров орқали пул ундириш ҳамда нефть савдоси орқали келиб тушади.

Манбаларга кўра, “Ислом давлати”нинг таркибида 7-12 минг атрофида жангарилар бўлиб, уларнинг тахминан 3000 нафари хорижликлар ҳисобланади. The Telegraph нашрининг қайд этишича, ана шу 3000 нафар жангарининг ҳам тўртдан бир қисми британияликлар бўлиши мумкин. Бу, айниқса, америкалик журналист Жеймс Фоули қатлидан сўнг янада таҳликали тус ола бошлади. Гап шундаки, Буюк Британиянинг MI5 ва MI6 махфий хизматлари маълумотларига кўра, Фоулини бошидан жуда қилган британиялик бўлиб чиқди.

Халифа ва халифалик

Жорий йилнинг июнь ойи охирида ИШИД Сурия ва Ироқ ҳудудида халифалик тузилганини ҳамда Абу Бакр ал-Бағдодий янги халифа бўлиши эълон қилинди. Америкалик эксперт Хуан Коулнинг сўзларига кўра, у янги тарихдаги энг машҳур қотиллардан бўлиб, у нафақат Америка ҳарбийларига, балки тинч аҳолига қарши ҳам турли қирғинлар уюштирган.

2003 йили АҚШ Ироқни босиб олгач, унга нисбатан ҳеч қандай шубҳалар бўлмайди. Аммо у 2005 йилда ҳибсга олинади ва мамлакат жанубидаги қамоққа ташланади. 2009 йилда АҚШ ҳукумати ва Ироқ ҳукумати ўртасида тузилган битимга мувофиқ, ушбу қамоқхона ёпилади ва ал-Бағдодий озодликка чиқади. 2011 йил октябрь ойида АҚШ Давлат департаменти Абу Бакр ал-Бағдодийни ушлашга ёрдам берадиган ҳар қандай ахборотга 10 миллион доллар ваъда қилади. У, шунингдек, АҚШнинг энг хавфли террорчилар рўйхатига киритилади.

Ўзбекистон мусулмонлари етакчиларининг позицияси

Ўзбекистон мусулмонлари ҳамжамияти маънавий етакчилари Ироқ ва Суриядаги қуролли тўқнашувларга ва жиҳодчилар томонидан “халифалик”нинг эълон қилинишига салбий баҳо беришди. Мусулмон оламидаги машҳур диний арбоблардан бири, ўзбекистонлик Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ироқ ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни мусибат деб атади.

Islom.Uz
Islom.Uz

“Ироқ ва Суриядаги суннийлар ва шиалар ўртасидаги уруш барча мусулмонлар учун ҳақиқий мусибатдир. Муқаддас Рамазон ойида улар бир-бирларининг қонларини тўкишмоқда, мол-мулкларини йўқ қилишмоқда. Улар сабаб миллионлаб болалар оч ва яланғоч. Буларнинг бари узоқни кўра олмайдиган ва халифаликни тарғиб қилаётган мана шу одамларнинг ҳаракатлари самарасидир”, – дея қайд этди шайх ўз маърузаларида.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф халифалик ва ушбу янги ташкилотга муносабати ҳақида кўп савол олаётганини таъкидлаб, бу масалада халифалик эълон қилингани ҳақида баёнотларни тан олмаган Халқаро уламолар иттифоқининг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ироқ ва Суриядаги жангариларининг ҳаракатларини гуноҳ деб атади.

“Қонуний давлат раҳбарига қарши “фитна”, исён, ғалаёнда иштирок этиш Ислом динидаги энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Ноқонуний давлатни тан олишни хоҳламагани учун кечагина иттифоқчи бўлган инсонларни қатл қилиш, биргаликда исён кўтарган қаллоблар томонидан сайланиб, фақат шугина асос билан ўзини халифа деб ҳисоблаш – бу катта гуноҳ”, – деди Ўзбекистон мусулмонлар идораси диний раҳбари.

 

“Ислом давлати” ташкилоти Башар Ассаднинг режасими?

Жорий йилнинг иккинчи чорагида ИШИД Ироқда бир қатор шаҳарларни босиб олиши, айниқса, насронийлар ва бошқа мазҳабдаги дин вакилларини сиқувга олиши, ажнабийларни ўлдиришга киришиб кетиши Ғарб мамлакатларининг “кўзини очиб қўйди”. Гап шундаки, Ироқ ва Шом ислом давлати жангарилари Сурияда Башар Ассадга қарши кураш олиб бормоқда, ўз навбатида, Ғарб Сурия озодлик армияси (мухолифат)ни қўллаб-қувватламоқда. Демак, ушбу мамлакатлар хатти-ҳаракати ИШИДнинг фойдасига ўйнаши мумкин. Шундай бўлса-да, охирги пайтлар ИШИД Башар Ассаднинг режаси асосида унинг фойдасига ўйнаётгани ҳақида фикрлар кўпайди.

The Telegraph газетасининг ёзишича, 2012 бошида ушбу ташкилот фақат Ироқ доирасида фаолият юритадиган кичик бир ҳарбий гуруҳ эди. Аммо Башар Ассаднинг худди шу йили Дамашқ яқинидаги қамоқхонадан асосий жиҳодчиларни озодликка чиқариши ушбу ташкилотни персонал жиҳатдан кучайтиришга хизмат қилган.

Айтилишича, 2013 йил охирида ИШИД Сурия шарқидаги нефть конини қўлга киритади. Бундай гуруҳлар учун нефть конини қўлга киритиш эмас, балки уни сотиш ҳар доим муаммо бўлиб келган. Шундай бўлса-да, Башар Ассад ҳукумати ушбу ташкилотдан нефть харид қила бошлайди. Буни, албатта, Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари иддао қилиб келади.

Шундан сўнг Башар Ассад ўз эътиборини дунёвий мухолифат жангариларига қарши қарата бошлайди. Шу пайтга қадар ИШИД Башар Ассаднинг ҳарбий ҳужумига дуч бўлмаётган эди. Аммо яқинда уларнинг Сурия Раққа ҳарбий ҳаво базасини эгаллаб олиши бу “келишув”га нуқта қўйди.

Ғарб “Ислом давлати”га қарши курашишда Башар Ассадни қўллаб-қувватлайдими?

Ироқ ва Шом ислом давлати таркибида Ғарб мамлакатлари фуқаролари сони ўсиб бораётгани, айни пайтда ушбу мамлакатларга тўғридан-тўғри таҳдид солаётгани туфайли Ғарб мамлакатлари ҳозирги кунда жиддий жумбоққа дуч келишди. Гап шундаки, АҚШ Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги ИШИДга қарши Ироқда ҳам, Сурияда ҳам ҳарбий амалиётлар ўтказиш зарурлигини таъкидлашмоқда. Франция ташқи ишлар вазири эса ИШИДни бутундай йўқ қилиш ҳақида гап кетар экан, у Ироқда ҳам, Сурияда ҳам йўқ қилиниши кераклигини айтди. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, АҚШ аллақачон бу борада ёрдам қўлини чўзган.

Getty Images
Getty Images

Хусусан, АҚШ ҳукумати Германия федерал хавфсизлик хизмати орқали Сурияга исломий жангарилар етакчиларининг аниқ жойлашган ҳудуди ҳақида маълумотни берган. The Independent нашрининг ёзишича, айнан ушбу маълумот асосида Сурия ҳарбий авиацияси жангарилар штабига ҳаводан зарба беришга муваффақ бўлган. “Агар “Ироқ ва Шом ислом давлати”нинг бутун Алеппо ҳудудини эгаллаб олиш таҳдиди пайдо бўлса, АҚШ очиқчасига ёки яширинча президент Башар Ассадни қўллаб-қувватлашга мажбур бўлади”, — деб ёзади нашр.

Бизнинг назаримизда, АҚШ ва Ғарб Сурия ҳукумати билан “Ислом давлати” қарши курашишда жуда эҳтиёткор йўл тутишга мажбур бўлади. Чунки яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эълон қилган маълумотларга кўра, Сурияда фуқаролик уруши бошлангандан бери (2011 йилнинг март ойидан 2014 йилнинг апрель ойига қадар)ҳалок бўлганлар сони 191,3 минг нафардан ошиб кетди. Агар Америка Сурия ҳукуматини очиқчасига қўллаб-қувватлайдиган бўлса, ушбу ўлимларга ўзининг ҳам дахли борлигини тан олган бўлиб қолади. Шунинг учун улар имкон қадар Башар Ассад ва “Ислом давлати”ни боғлайдиган маълумотларни кўпроқ топиш, ўз одамларининг онгини ана шундай ахборотлар билан тўйинтириш чораларини кўради.

Иккинчидан, Башар Ассад билан очиқдан-очиқ ҳамкорлик қилиш Россия, Эрон сингари давлатларнинг олдида Ғарб мамлакатларини уятга солиб қўйиши мумкинлигини яхши тушунади. Чунки бу нарса очиқдан-очиқ Американинг икки томонлама сиёсий ўйин олиб боришини тасдиқлаб қўйиши мумкин. Шунинг учун Башар Ассад ҳукумати билан мулоқот қилиши мумкин бўлган учинчи мамлакат АҚШ “кўмаги”ни етказиб туриши эҳтимоли йўқ эмас.

Учинчидан, “Ислом давлати” аъзолари шунчаки жангарилар эмас, радикал бўлса-да, ғояга эга. Шунинг учун бу ғояни қўллаб-қувватлаётганлар сони ҳам кўпаймоқда. Агар Америка бу террор ташкилотини бутунлай йўқ қилишга киришадиган бўлса-да, улар аниқ инфратузилмага эга эмаски, осмондан учувчисиз бошқариладиган учоқлар билан қириб ташласа. Бу ташкилотга қарши курашиш катта маблағ ва инсон ресурсини талаб қилади. Айрим манбаларнинг ёзишича, ИШИДга қарши 15 минг атрофида қуруқлик қўшини жалб қилиниши керак бўлади.

Тўртинчидан, бу террор ташкилотлари ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Уларнинг хатти-ҳаракатидан фойда кўраётган мамлакатлар ҳам йўқ эмас. Аввало, кўрфаз мамлакатлари бу борада якдил хулосага келиши, ўзаро тортишувларга нуқта қўйиши керак бўлади. Чунки бу Ислом динини ёмонотлиқ қилиш борасида жуда катта вазифани бажармоқда.

Мурод  ҒОФУРОВ.